Менга ишониб, Президент қилиб сайласангиз – Мирзиёев самарқандликларга қандай ваъдалар берди?
Жамият
−
24 Сентябрь 2021
18458Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг самарқандлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтмоқда. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ушбу учрашувда модераторлик қиляпти. Учрашувда Мирзиёев Президент қилиб сайланса, вилоятда қандай ишлар ва ислоҳотлар амалга оширишини маълум қилди.
- Самарқанд шаҳрида 20 минг талабага мўлжалланган “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этилиб, унда камида 4 та хорижий университетларнинг филиал ва кампуслари жойлаштирилади;
- Самарқанд вилоят экспортчиларига айланма маблағ учун йилига 50 миллион долларгача имтиёзли кредитлар берилади;
- Тадбиркорлик жамғармаси томонидан экспортчиларга компенсация ва кафолат тақдим этиш яна 2 йилга узайтирилади;
- Келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, Мирзиёев Самарқандда 450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 2 баробарга қисқартириш – энг устувор вазифа эканини айтган.
“Келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 1,4 бараварга ошириб, 90 триллион сўмга етказишимиз зарур. Бунинг учун, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали 130 мингта иш ўринлари яратилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида вилоятга ҳар йили қарийб 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади”, дейди Мирзиёев.
- Самарқанд шаҳрида янги 2 та тоннель ва 2 та кўприк қурилади;
- Самарқанд шаҳри яшаш учун қулай ва жозибадор “миллионли яшил шаҳар”га айлантирилади. Бунинг учун, Самарқанд, Пастдарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектари шаҳар таркибига қўшилади.
Бундан ташқари, Мирзиёев Самарқандда соғлиқни сақлаш ҳолатини яхшилаш бўйича келажакда амалга оширмоқчи бўлаётган режалари билан таништирди:
- Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи, Пастдарғом, Пайариқ ва Ургутда перинатал марказлар ташкил қилинади;
- Булунғур, Ургут, Иштихон ва Пахтачида 4 та ўткир юрак қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, гемодиализ хизмати ҳам йўлга қўйилади;
- вилоятда 25 мингдан зиёд туғма ногиронлиги бўлганлар учун Болалар тиббий реабилитация маркази филиали очилади;
- вилоят кардиология марказида касалликларининг барча турларини даволаш имконини берувчи замонавий жиҳозланган кардио-жарроҳлик бўлими ташкил этилади;
- келгуси йилда Тиббиёт институти клиникаси негизида Минтақавий нейрохирургия маркази ташкил этилиб, 10 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилади;
- Республика хирургия маркази филиалида 7 нафар беморга буйракни кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли ўтказилган. Эндиликда, жигарни кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади;
- Онкология марказининг моддий-техник базаси янгиланиб, болалар онко-хирургия ва кимё терапияси, каминвазив хирургия амалиёти жорий этилади;
- вилоятда илк бор туғма эшитиш нуқсони бор болаларни тўлиқ даволаш йўлга қўйилади.
Мирзиёев, шунингдек, Президент этиб сайланса, энг катта ишни маҳаллада амалга оширишини айтган.
“Агар менга ишониб, Президент қилиб сайласангиз, энг катта ишни маҳаллада амалга оширамиз. Бюджет маҳаллада бўлади. Мен туманда ҳам, вилоятда ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман. Тошкентдаги вазиятни ҳам яхши биламан. Илгари вазият оғир эди, жуда сўрасангиз икки километр труба беришарди. Ўзим яшаган кўчани асфальт қилдира олмаганман. Қилдирса бўларди, аммо қўшни кўча абгор аҳволда бўла туриб, ўз кўчамни текислаб олишим нотўғри эди.
Ҳозир кўринглар, Тошкентни бирорта кўчаси қолмаяпти, ҳаммасини бир четдан тўғрилаб чиқяпмиз. Биз юртимиздаги энг оғир маҳаллаларни ҳам обод қилишимиз керак”, дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь