“Мен уни ҳатто танимайман”. Гитлернинг адаши фамилиясидан воз кечди
Олам
−
28 Ноябрь 5976 2 дақиқа
Намибиялик сиёсатчи Адольф Гитлер Ууона Омпудья округидаги минтақавий сайловларда ғалаба қозониб, сайловчилар томонидан бешинчи марта мандат олди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Унинг сиёсий фаолияти 2004 йилда бошланган ва ўшандан бери муваффақиятли давом этмоқда. У сўнгги марта 2020 йилда қайта сайланган. Шу билан бирга, Адольфнинг айтишича, у паспортидан “Гитлер” фамилиясини олиб ташлаган, чунки энди бу фамилия билан ҳеч қандай алоқада бўлишни хоҳламайди. Сиёсатчига кўра, у Адольф Ууона бўлишни афзал кўради ва нацистлар мафкураси билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ.
“Менинг исмим Адольф Гитлер эмас. Менинг исмим Адольф Ууона. Одамлар мени Адольф Гитлер деб чақираётганини ва мени бирор кимса билан боғлашга уринаётганини кўрдим, мен эса уни ҳатто танимайман”, дейди у.
Гитлер 2020 йилда “Bild”га берган интервьюсида отаси унга исм қўйган пайтда Германия диктатори нимани ҳимоя қилганини билмаганини айтган. Намибиялик сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг нацистлар жиноятларига ҳеч қандай алоқаси йўқ, у оммавий тадбирларда фақат “Адольф” исмидан фойдаланади.
Маълумот учун, Намибия Африканинг жанубида жойлашган Германиянинг собиқ колонияси ҳисобланади. Мамлакат мустақиллиги 1990 йил март ойида эълон қилинган. Маҳаллий аҳолининг бир қисми ҳанузгача немисча исмларга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адольф Ууона Намибияда маҳаллий сайловларда яна ўз номзодини қўйгани ҳақида хабар берилган эди.