Мен Трампдан ҳам машҳурроқман – Роналду
Спорт
−
06 Ноябрь 23613 1 дақиқа
Португалия терма жамоаси футболчиси Криштиану Роналду АҚШ Президенти Дональд Трампдан ҳам машҳурроқ эканини айтди. Бу ҳақда у ўзининг You tube каналида журналист Пирс Морганга берган интервьюсида сўз очди.
“Ал-Наср” клуби ҳужумчиси ўзини дунёдаги энг машҳур инсон деб атаган. 40 ёшли футболчи, шунингдек, Дональд Трамп билан учрашишни исташини ҳам билдирган.
“Дональд Трамп дунёни ўзгартиришга ёрдам бера олади. Мен у билан учрашишни истардим. Унга бизда ўхшашликлар борлигини айтган бўлардим, аммо бу ҳақда интервьюда гапира олмайман.
Мен Дональд Трампдан ҳам машҳурроқман, мен дунёдаги энг машҳур инсонман. Мендан машҳурроқ бирор кишини айта оласизми?” дейди Роналду.
Маълумот учун, ўтган мавсумда Роналду “Ал-Наср” таркибида барча мусобақаларда 41 ўйинда майдонга тушиб, 35 та гол урди ва 4 та голли узатма берди. Жорий мавсумда эса Саудия Арабистони чемпионатида “Ал-Наср” 7 учрашувда 21 очко тўплаб, турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Иккинчи ўринни 18 очкога эга “Ал-Таавун” эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзда Роналду Трампга шахсий имзоси қўйилган футболкасини совға қилган эди. Футболкани Европа Кенгаши президенти, португалиялик Антониу Кошта G7 саммити ўтаётган Кананаскис шаҳарчасида (Канада) Трампга топширган.