“Мен, мен, мен...” Алиевнинг гапларидан куяйликми ё кулайлик?
Таҳлил
−
23 Октябрь 2019
29650Халқ тилида “борса-келмас” деб ном олган “Жаслиқ” қамоқхонасида 7 йил жазо ўтаб, озодликка чиққан асли озарбайжонлик заргар Аҳмед Алиев ўз вақтида Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларда ҳам фаол қатнашгани, хусусан, 2003 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг дунёга келишида бош-қош бўлгани, ҳатто, партия мақсадлари, йўналиши, фаолияти мезонлари, қолаверса, логотипи ҳам унга оидлигини иддао қилади. Бу ҳақда у Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида сўз очган.
“Мен Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этганман. Ўзбекистон Либерал демократик партияси асосчиларидан бири эдим. Ҳатто, партия логотипини ҳам ўзим чизганман. Биз ўз тарафдорларимиз билан партияни ривожлантирганмиз”, деди Алиев ишонч билан.
Мустақил Ўзбекистон тарихига назар солсак, мамлакатдаги илк сиёсий бирлашма 1991 йилда ташкил этилган Халқ демократик партиясидир. Яъни, Ўзбекистон сиёсий жараёнларда партия тузиш учун Алиевнинг оғзидан чиқадиган гапни кутиб турадиган, унга хайрихоҳлик билдирадиган даражада имконсиз аҳволда эмасди. Сиёсий доира ҳам у қадар қолоқ бўлмагани аниқ. Бу борада маълум тажриба шакллантирилганди. Негаки, ЎзЛиДепгача ҳам мамлакатда 4 та (ХДП, “Адолат” СДП, “Миллий тикланиш” ДМ, “Фидокорлар” МДП) ташкил топган ва сиёсий жараёнларда фаол қатнашган, тажриба орттирган. Алиев эса бутун бошли партия фаолиятини ўз ҳаракатлари билан боғлаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Балки, ЎзЛиДеп ташкил этилишида Алиевнинг қайсидир маънода ҳиссаси қўшилгандир, лекин бу “меники эди, мен, мен, мен” деб чиқишга арзигулик ҳаракатлармикин?
“Тадбиркорлар партияси мамлакат иқтисодини кўтариши, йирик ишбилармонларни ўз атрофида бирлаштириши, кўпларни бизнес юритишга ўргатиши керак эди”, деб қўшимча қилди Аҳмед Алиев.
ЎзЛиДеп 2003 йилда ташкил этилган ва ҳозирда мамлакатнинг етакчи, таъбир жоиз бўлса, ҳукмрон партияси. Ўз вақтида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов партияни ташкил этиш жараёнида иштирок этган. 2007 йилда эса Ислом Каримов шу партиядан ўз номзодини кўрсатиб Президентликка сайланган.
Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу партия вакили ҳисобланади. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев сайловда ЎзЛиДеп номзоди сифатида қатнашган. Ҳукумат раҳбари номзоди ҳам қонунчиликка кўра, парламент сайловида энг кўп овоз олган партия ЎзЛиДеп томонидан кўрсатилган.
Аҳмед Алиев қўпол айтганда, ЎзЛиДепни “одам қилганман” қабилидаги сўзлари билан давлат ҳокимияти органларига ҳам таъсир ўтказа олганига ишора қиляптими?! Бу гап қулоққа бироз “оғир” ва сафсата каби эшитилади. Бошқача айтганда, “куракда турмайдиган” иддао.
Ҳўп, у шунча ишни қилган экан, нега ўша вақтларда эмас, орадан 15 йилдан кўп вақт ўтиб бу ҳақда гапиряпти. Жорий йилнинг сентябрь ойида аввал қўйилган айбловлар олингач, оқланиб озодликка чиқарилган Аҳмед Алиев сиёсий жараёнларга оид фикрлари билан яна ўша майдонга киришга ихлосманд эканини кўрсатмаяптими?
LiveБарчаси