“У жавоб беради”. Давлетов раққосалар билан “вақтичоғлик” қилган мудир ҳақида

Жамият

image

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани халқ таълими бўлими мудири раққосалар билан банкетда ўтиргани акс этган видео тарқалганди. Ушбу мавзу бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида муҳокама қилинди.

“Агар видео олиш ёки уни тарқатиш масаласига келадиган бўлсак, тасвирга олиш ва тарқатиш мумкин, қачонки, жамоат жойида бўлсангиз. Бироқ оиладаги ҳолатни тасвирга олиш ва тарқатиш тақиқланади. Сиз ҳеч қачон бирор кимнинг ойнасидан уйидаги ҳолатини тасвирга оломайсиз, бу унинг шахсий ҳаёти”, дейди Давлетов. 

Адлия вазири ХТБ мудири билан бўлган ҳолат ҳақида гапирар экан, у қилган иши учун жавоб бериши ҳамда давлат ходимлари учун алоҳида ҳуқуқий норма борлигини таъкидлаб ўтди.

“У жамоат жойида эди ва қилган иши учун, албатта, жавоб беради. Вазирлар Маҳкамасининг давлат ходимлари ҳақидаги  ҳуқуқий нормаси бор. Давлат ходимлари ишдан ташқари ҳам ўзларини лавозимига мос равишда тутишлари керак. Таълим йўналишида ишлайдиган одам ёшларнинг тарбияси билан шуғулланиши зарур. Бироқ, мен у ерда нима ҳолат бўлганини билмайман, балки дўстлари билан шунчаки ўтирганда раққосалар ўзи кириб келгандир. Чунки бундай томошалар муассасса томонидан ташкиллаштирилади”, дейди Русланбек Давлетов. 

Давлетов ёшлигини эслаб, бир вақтлар ўзи ҳам кафеларга борганда раққосалар унинг ёнига ўз оёғи билан келганини айтди.  

“Бу масалага бир томонлама қараш керак эмас. У ҳам одам. Агарда шу каби ҳолат унинг иш вақтида ёки очиқ муассассаларда содир бўлганда, бошқа гап эди. Масалан мен ҳам ёшлигимда кафега кирган пайтим раққосалар ёнимга келган, бироқ у вақтда мен давлат ҳодими эмас эдим”, дейди Адлия вазири.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1169

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг