Медведчук ва унинг хотинига тегишли мулклар ҳибсга олинди
Олам
−
14 Апрель 2022
12142Львов суди Украинадаги “Мухолифат платформаси – “Ҳаёт учун” партияси сиёсий кенгаши раҳбари Виктор Медведчук ва унинг рафиқаси Оксана Марченкога тегишли автомобиллар, квартиралар ва уйларни хатлади. Бу ҳақда Украина Давлат тергов бюроси сайтида хабар берилди.
“13 апрель куни Львовнинг Личаков туман суди Давлат тергов бюроси ва Бош прокуратура таклифига биноан Украина халқ депутати Виктор Медведчук ва унинг рафиқаси Оксана Марченконинг яна 154 та кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳибсга олди”, дейилади ҳисоботда.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳибсга олинган мол-мулк орасида 26 та автомобиль, 30 та ер участкаси, 23 та уй, 32 та хонадон, 17 та автотураргоҳ ва моторли яхта мавжуд. Бундан ташқари, 25 та компаниянинг устав капиталидаги улушлари ҳибсга олинган, уларнинг ҳақиқий эгаси, Украина Давлат тергов бюроси маълумотларига кўра, Виктор Медведчук ёки унинг рафиқаси ҳисобланади.
“Давлат тергов бюроси терговчилари ва Бош прокуратура прокурорлари аллақачон Медведчукнинг яхтаси ва бошқа кўчмас мулкларини суд орқали мусодара қилган”, дея қўшимча қилди бюро.
Эслатиб ўтамиз, 12 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский уй қамоғидан қочиб кетган сиёсатчи Виктор Медведчук қўлга олинганини маълум қилди. Зеленский Россияга уни айирбошлашни таклиф қилган.
Украина парламенти депутати, “Оппозиционная платформа – За жизнь” партияси етакчиси Виктор Медведчук кремлпараст ва Президент Владимир Путинга яқин сиёсатчи ҳисобланади. У икки жиноий иш бўйича давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда.
2021 йил 12 майда депутатга ишғол қилинган Қримда миллий бойликларни талон-торож қилиш, давлат сирларини ошкор қилиш ва давлатга хиёнат қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш ва Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш (Жиноят кодексининг 111 ва 438-моддалари) айблови қўйилган.
Ўша йилнинг октябрь ойида Медведчукга “кўмир иши” номини олган (Жиноят кодексининг 111-моддаси ва 258-3-моддаси 1-қисми) иш бўйича хиёнат ва терроризмга шериклик айблови эълон қилинган.
LiveБарчаси