Тошкентда ўтган МДҲ форуми Россия пропагандасими?

Олам

2022 йил кўплаб нуфузли, халқаро форумларга бой йил бўлди. Ўзбекистон эса бунда яхшигина майдон вазифасини ўтаб бермоқда. Жорий йилнинг 12 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги илмий-ижодий зиёлиларининг XV форуми ўтказилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон каби МДҲ мамлакатларидан келган вакиллар иштирок этди.

Мазкур форумни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзбек тилида очиб берди.

“МДҲга аъзо давлатлардан 200 дан ошиқ ижодкор ва илмий зиёлилар қатнашаётган юбилей форуми Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу анжуманда томонларнинг ҳамкорлигига ва ҳамжиҳатлигига бўлган қатъий ишонч ва интилишлари намоён бўлади”, дейди Назарбеков.

Форумнинг озарбайжонлик меҳмони эса, МДҲ мамлакатлари рус тилини ҳурмат қилиши кераклиги, унга эътибор қаратиши лозимлигини алоҳида урғулади.

“Биз таълим, илм ва маданий соҳадаги ҳамкорлигимизни давом эттиришимиз керак. Жумладан, муҳим қадриятларимиздан бири бўлган рус тили собиқ Совет иттифоқи мамлакатларида яшаётган кўп сонли аҳоли учун асосий мулоқот тили бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Мен рус тилининг Озарбайжондаги таълим тизимида нечоғлик қўлланаётгани ҳақида айтадиган бўлсам, мамлакатда 300дан зиёд рус тилидаги мактаблар бор. Озарбайжон фуқаролари рус тилида  олий маълумот олишлари ҳам мумкин. Мамлакатда славян университетлари ҳам бор, жумладан, Ломоносов номидаги Россия миллий университетининг филиали, Сеченов номидаги Москвадаги биринчи давлат тиббиёт университетининг филиали мавжуд.

Боку шаҳрида “Рус академик драма театри” фаолият юритмоқда, рус тилидаги телеканал эфирга узатилмоқда. Қолаверса, рус тилидаги интернет манбалари, газета ва журналлардан кенг фойдаланилади. Озарбайжон Президентининг расмий веб-сайти озар ва инглиз тили қатори рус тилида ҳам янгиликлар бериб боради. Санаб ўтганларимиз сўзсиз мамлакат сиёсатидан дарак бериб турибди. 

Бошланғич таълимда ҳам рус тилини танлаётган ота-оналар ва аҳоли сони йиллар ўтсада камаймаяпти. Шуни алоҳида қайд этишни хоҳлардимки Озарбайжондаги таълим тизимида рус тилини нафақат русийзабонлар, балки озарлар ҳамда мамлакатдаги бошқа миллат вакиллари ҳам танламоқда”, дейди Озарбайжон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Полад Булбул ўғли.

Шунингдек, бошқа мамлакатларнинг вакиллари ҳам ўзига хос нутқи билан ажралиб турди, дейиш мумкин. Масалан, Қирғизистон вакили форум санасини буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг туғилган куни билан боғлаган бўлса, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой собиқ СССР даври ҳақида эслади.

“30 йил олдин собиқ Совет Иттифоқи ўрнида вужудга келган янги мамлакатлар ўз тарихи ва маданий меросига чуқурроқ эътибор қарата бошлади. Бизга тарихдан мерос бўлиб қолган ёдгорликлар ўлик бинолар эмас, балки тирик мерос, уларни асраб-авайлашимиз керак. Сабаби ушбу маданий пойдеворни бугун барпо этолмаймиз. Ўтмиш ҳақида эмас, балки келажак ҳақида гапирадиган бўлсам, бугун Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари халқаро майдонда мустаҳкам ва барқарор ривожланиш борасида қайғуряпти. Буни эса таълим ёки маданиятсиз уддалаб бўлмайди. Бугун ҳамма интеллектуал мулкка асосланган иқтисодиётдан моддий даромад кўриш ҳақида ўйлаяпти.

Мен бу залда йиғилганларга қараб яқинларим, қардошларимни кўряпман. Биз 30 йилдан буён биргамиз ва умид қиламанки, бундан кейин ҳам бирга бўламиз. 30 йил олдин барча алоқалар узилган, ҳамма ер вайрон бўлган, ортиқ ҳеч қандай алоқалар бўлмайдигандек туйилган эди. Мен СССРга ишонмайман. Мамлакатлар халқаро муаммоларга ўз қарашлари ва қизиқишлари билан ривожланди. Бизнинг географик жойлашувларимиз бу тақдир. Биз қўшнилармиз, биз бир-биримизни севмасакда, ҳурмат қилишимиз керак. Бу жуда муҳим. Бугунги форум учун барчага раҳмат айтаман”, дейди Путиннинг мулозими.

Тобора санкциялар босими остида қолаётган Россия ва унинг мулозимларига Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам дардини тўкиб сочиш учун қулай минбар вазифасини ўтаб бераётгандек, гўё. Бугунги форум ҳам шулардан бири бўлди дейиш мумкин.

Аммо форумнинг яхши томони, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги кўплаб ижодкорларнинг, архитектор, дизайнер ва реставраторларнинг тақдирлангани бўлди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Яъни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов “Ҳамдўстлик юлдузлари” мукофоти билан, архитектор, дизайнер Имрон Ҳайдаров эса МДҲ давлатларининг ёшлар мукофоти – “Ҳамдўстлик дебютлари” соврини билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон пойтахти Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити тугаганидан кейин ҳам Россия раҳбари саммит тугагач, журналистлар билан мулоқот қилиб, Бишкекдан ўзи учун майдон сифатида фойдаланган эди.

Журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқот давомида Путин Украинадаги урушнинг, унинг таъбири билан айтганда “махсус ҳарбий операция”нинг бориши ҳақида изоҳ бериб, қўшимча сафарбарлик учун ҳеч қандай асос йўқлиги, 300 минг кишининг фақат ярми жанговар бўлинмаларга юборилгани, қолганлари – заҳирадаги машғулот майдончаларида ёки ўқув машғулотларида экани ҳақда айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг