МДҲ божхоначилари фавқулодда вазиятларда биргаликда ишлаш устида бош қотиряпти
Олам
−
12 Октябрь 2023
2660Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари божхона органлари назорат-ўтказиш пунктларида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек, экспертиза марказини ташкил этиш бўйича келишув имзолаш ниятида. Тегишли таклифлар Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида илгари сурилди.
“Марказ тўғрисидаги шартномалар ва фавқулодда вазиятлар бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳозирда [божхона хизматлари] раҳбарияти даражасида барчага тақдим этилган. Ўйлайманки, кейинги йиғилишда биз уларни қабул қиламиз”, дейди Россия Федерал божхона хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Руслан Давидов.
Унинг қайд этишича, назорат-ўтказиш пунктларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар юк ташишда кечикишлар олдини олишга хизмат қилмоқда.
“Федерал божхона хизмати, агар бирор нарса нотўғри бўлса, хизматлар тезда жавоб беришлари ва бир-бирларини хабардор қилишлари учун бундай стандарт шартномаларни ишлаб чиқишни таклиф қилди”, дейди у.
Экспертиза марказини ташкил этиш ташаббуси божхона органлари фаолиятини бирлаштириш мақсадида Озарбайжон томонидан илгари сурилган.
“Божхона экспертизаси жуда муҳим ва жиддий воситадир. Усулларнинг бир хилда қўлланилиши, бир хил вазиятларда бир хил хулосалар чиқарилиши, тафовутлар бўлмаслиги муҳим. Ва, албатта, бир масала бўйича турли хулосалар билан экспертиза ўтказилаётган ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Давидов.
Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон божхона органлари ва тегишли идоралари раҳбарлари шахсан иштирок этди, Арманистон ва Қирғизистон вакиллари ҳам онлайн тарзда қўшилди.