МБ сўм келгуси ойларда кескин қадрсизланмаслигини маълум қилди

Жамият 7876
image

Ўзбекистон Марказий банки миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга. Бу ҳақда бугун, 9 декабрь куни МБ Бошқарувининг асосий ставка масаласини кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда айтилишича, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажми 42 фоизга, шундан, аҳоли депозитлари ҳажми 63,3 фоизга ўсган. Банкларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида бироз пасаювчи динамика ҳосил қилиб, жисмоний шахслар учун 19,6 фоиз, юридик шахслар учун 15,1 фоиз даражасида шаклланиб, мос равишда 8,1 фоиз ва 4,1 фоизлик реал ижобий ставкалар қайд этилган.

Шунингдек, ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан юқори босимнинг мавжуд эмаслиги, Марказий банкнинг миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга эканлиги келгуси ойларда юқори девальвацион кутилмаларга асос мавжуд эмаслигини англатади.

Кредитлар бўйича фоиз ставкалар динамикасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида 21,5 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича – 21 фоизга тенг бўлган.

Қайд этилишича, январь-ноябрь ойлари давомида сўм алмашув курси 10449-10787 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебранди. Бунда, ноябрь ойида ташқи шароитлар ўзгаришига жавобан сўм алмашув курси девальвация суръатлари бироз тезлашди ва йил бошидан 3 фоизга қадрсизланди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 294
Рейтинг: 3
t
×