МБ импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар киритилишига муносабат билдирди

Жамият 480
image

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар киритилганлиги билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди. Унда шундай дейилади: 

“Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар киритилганлиги билан боғлиқ маълумотлар тарқалмоқда.

Маълумки, 2017 йилнинг сентябридан эътиборан барча хўжалик юритувчи субъектлар ички валюта бозоридан жорий халқаро операциялар учун хорижий валютани ҳеч қандай чекловларсиз эркин харид қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Эркин конвертация амалиёти жорий қилинган вақтдан бошлаб хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ валюта операциялари ҳажми бир неча баробар ошди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида хўжалик юритувчи субъектларга валюта маблағларини сотиш операцияларининг ўртача ойлик ҳажми 2017 йил кўрсаткичларига нисбатан қарийб 3 баробарга, валюта маблағлари хариди эса 2 баробардан зиёдга ўсди.

Хорижий валюта сотиб олган хўжалик юритувчи субъектлар сони жорий йилнинг август ойида 7,6 минг нафарга етган бўлса, ушбу кўрсаткич 2018 йилда 4,1 минг нафарни, 2017 йилда эса 340 нафарни ташкил этган.

Иқтисодиётни либераллаштириш ва шаффофлигини таъминлаш билан бир вақтда, давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, амалиётда давлат харидлари доирасида мамлакатда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган (ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан) товарлар импорти учун давлат ресурсларидан фойдаланиш, уларнинг нархларини ошириб кўрсатиш, шунингдек, тегишли маркетинг тадқиқотлари ўтказилмаган ҳолда, ўз фаолиятига хос бўлмаган ва кераксиз товарларни олиб кириш ҳолатлари кузатилиб, бу ўз навбатида иқтисодий асоссиз ҳолда давлат ресурсларининг четга чиқиб кетишига олиб келмоқда.

Бунда, юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ҳукумат томонидан давлат харидлари, инвестиция ва бошқа дастурлари доирасида, алоҳида давлат корхоналарининг импорт шартномаларини ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларида акс эттирилган нархларга мувофиқлиги ҳамда ички бозорда бир хил сифат ва нархлардаги товарларнинг мавжудлигига эътибор қаратган ҳолда экспертизадан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Амалий жиҳатдан ушбу чора-тадбирлар, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва самарадорлигини оширишдаги ҳаракатларнинг бир қисми бўлиб, уларнинг бошқаруви соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида яққолроқ маълумотларга эга бўлишга, шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнларини яхшилаш ва ушбу корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқишдаги ёндашувлар учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий базасини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ушбу чора-тадбирлар ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳаллий ва хорижий товар ишлаб чиқарувчиларнинг рақобат нархлари асосида давлат корхоналарининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ харидларини қайта йўналтириш орқали уларнинг фаолиятидаги шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган.

Кўрилаётган чораларни валюта сиёсати соҳасидаги чекловлар сифатида талқин қилиш ноўрин ҳисобланади, чунки улар фақат давлат харидлари, инвестиция ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, шунингдек давлат мулкидаги корхоналарга нисбатан қўлланилаётган бўлиб, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва унинг алоҳида сегментларини мувофиқлаштиришга ҳисса қўшувчи механизмлардан бири саналади.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётини мувоффаққиятли тарзда либераллаштирган аксарият мамлакатлар ислоҳотларнинг эҳтимолий салбий таъсирларини олдини олиш мақсадида, асосан дастлабки босқичларда, вақтинчалик характердаги турли хил “қўл билан бошқариш” механизмларни қўллашган ва шу тариқа эркинлаштиришга қаратилган таркибий ўзгаришларнинг кейинги босқичларини амалга ошириш учун зарур бўлган фундаментал асосларни сақлаб қолишган.

Таркибий ўзгаришларни бошлаган, бироқ ушбу ислоҳотлардан воз кечишга мажбур бўлган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётни либераллаштиришдаги муваффаққиятсизлик кўпчилик ҳолларда давлат сиёсатининг вақтинчалик характердаги алоҳида чораларни қабул қилмаслик борасидаги эҳтиётсизлиги туфайли содир бўлган. Бу асосан, молиявий-иқтисодий жараёнларнинг аксарият иштирокчилари, айниқса давлат иштирокидаги корхоналар бозор иқтисодиётининг янги шароитларига мослашиши учун маълум муддат талаб этилганлиги ҳамда уларнинг бундай шароитларга тайёр бўлмаганлиги билан изоҳланади.

Айни пайтда, барча тижорат банкларида хўжалик юритувчи субъектларга товар ва хизматлар импорти учун хорижий валютани сотиш операциялари одатдаги тартибда, ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилаётганлигини маълум қиламиз”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2
Рейтинг: 3.8
Будьте в курсе событий!
×
×