МБ 2019 йилда инфляция неча фоиз бўлганини маълум қилди
Жамият
−
09 Январь 2020
62042019 йил якунларига кўра, инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасида шаклланиб, 15,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
2019 йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичи 13,5-15,5 фоиз даражасида белгиланган эди. Таъкидланишича, 2019 йил давомида инфляция динамикаси турли йўналишли хусусият касб этди. Хусусан, йилнинг биринчи ярмида йиллик инфляция даражаси 13-13,5 фоизгача пасайиб, мазкур кўрсаткичда маълум муддат сақланиб тургандан сўнг, йилнинг иккинчи ярмида инфляция динамикаси ўсувчи трендга эга бўлди.
Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштирилиши, банкларнинг кредитлаш фаоллигининг ошиши ҳамда давлат харажатларининг ўсиши каби инвестицион ва истеъмол талабини рағбатлантирувчи омиллар, 2019 йилнинг иккинчи яримида нисбатан юқори инфляция даражасини юзага келишига олиб келди.
Хусусан, июль-август ойларидаги тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши билан бирга миллий валюта алмашув курси девальвациясининг тезлашиши, ойлик инфляция даражасининг 2019 йил август ойида 2,9 фоизгача ўсишига асосий омил бўлди (2018 йил август ойида – 0,3 фоиз).
2019 йилнинг IV чорагида инфляция ўсиш суръатларининг 2018 йилнинг мос даврига нисбатан маълум даражада секинлашиши кузатилди (0,7 фоиз бандга).
Бунда 2019 йил давомида ун ва нон маҳсулотлари нархларининг ошиши йиллик инфляцияга маълум даражада босим яратди.
Шунингдек, 2019 йилда тартибга солинадиган нархлар ўртача 21,6 фоизга, хусусан, нон – 40 фоизга, газ – 18,8 фоизга, электр энергияси – 18 фоизга ва бензин – 17,6 фоизга ўсди.
Об-ҳаво шароитлари мева-сабзавотлар нархларида ўз аксини топди. Хусусан, мевалар нархи – 21,4 фоизга, картошка – 11,7 фоизга ва гуруч – 5,8 фоизга қимматлашди.
Бундан ташқари, жойларда озуқа-ем захираларининг етишмовчилиги масаласи ҳам гўшт маҳсулотларининг нархига таъсир этди ва уларнинг нархи 23,4 фоизга ошди.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги нархлар ўсишида тезлашиш кузатилди, бунда йўловчи транспорти хизмати – 13 фоизга, таълим хизматлари – 22 фоизга қимматлашди.
LiveБарчаси