Мажбурий меҳнат: 5 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди
Жамият
−
30 Октябрь 2021
4775Жорий йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга қонуний чора кўрилгани ҳақида маълумот берди.
Вазирлик хабарига кўра, Давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гуруҳлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 13 мингга яқин ташкилот, фермер хўжаликлари ҳамда пахта далалари ўрганилган.
Шу билан бирга, инспекцияга пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали 54 та, веб сайт орқали 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали 24 та ҳамда 35 та ёзма мурожаатлар келиб тушган.
Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида инспекция томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн. 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланган.
Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилди.
“Давлат меҳнат инспекцияси республикамизда мажбурий меҳнатга қарши кескин кураш кетаётганлигини таъкидлаб, мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлган фуқароларимиздан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишларини сўрайди.
Азиз фуқаролар ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тикланг ҳамда мажбурий меҳнатнинг қурбони бўлиб қолишдан огоҳ бўлинг! Эслатиб ўтамиз, шахсингизнинг ошкор этилмаслиги кафолатланади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси