Мажбурий автосуғурта бўйича очиқ мулоқот: таҳлил, таклиф ва тавсиялар
Жамият
−
19 Июнь 3939 3 дақиқа
Термиз шаҳрида суғурта соҳасидаги фуқароларнинг манфаатларига дахлдор бўлган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор этиш ҳамда уларнинг бу борадаги сўровларига жавоб бериш мақсадида суғурта компаниялари вакиллари, агентлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар, ОАВ вакиллари иштирокида медиа-тур ўтказилди. Учрашувда автоқатновлар оқимининг юқорилиги ва ЙТҲлар сонининг ортиши шароитида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ёки содда қилиб айтганда, мажбурий автосуғурта соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Маълумки, юртимизда мажбурий автосуғурта ижтимоий йўналтирилган чора сифатида жорий этилган. Асосий мақсад йўл-транспорт ҳодисалари юз берганда фуқароларни суғурта ҳимояси билан таъминлашдир. Қонунчиликка кўра, инсоннинг соғлиғи, ҳаёти ёки мол-мулкига зарар етказилган тақдирда суғурта компаниялари товон тўлаши белгиланган. Бу нафақат пиёдалар ва йўловчиларга, балки ўз айбисиз жабрланган ҳайдовчиларга ҳам етказилган зарарни қоплаш масаласини назарда тутади.
Аммо сўнгги йилларда ушбу тизимнинг самарадорлиги ҳақидаги мунозаралар биринчи ўринга чиқмоқда. Расмий маълумотларга кўра, фақатгина 2024 йилнинг ўзида мамлакатимизда 9 364 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган. 8 901 киши жароҳат олган, уларнинг 2203 нафари ҳалок бўлган. Бу рақамлар эса, суғурта товон пули етарли даражада бўлиши шартлигини намойиш этмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, суғурта компанияларининг ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун амалдаги суғурта товони пули 26 миллион сўмни ташкил этади. Иштирокчиларнинг фикрича, бугунги шароитда бу маблағ етарли эмас. Айниқса, жабрланувчилар оғир тан жароҳати олган, узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган ёки меҳнат қобилиятини йўқотган ҳолларда бу яққол сезилади. Бундай ҳолатларнинг аксариятида товон пули ҳатто асосий тиббий харажатларни ҳам қопламаслиги мумкин.
Автомобилларга етказилган зарарни қоплашда ҳам ўхшаш муаммолар юзага келмоқда. Фуқароларимиз хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни кўпроқ харид қилмоқда, бунда уларни таъмирлаш нархи эса сезиларли даражада ошиб кетган. Бундай ҳолатда 14 млн сўм миқдорида белгиланган суғурта товон пули кўпинча келиб чиққан зарарни тўлиқ қопламаслиги натижасида ҳайдовчилар қолган фарқни ўз ҳисобидан тўлашга мажбур бўлмоқда.
Қолаверса, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ҳайдовчилар томонидан компенсацияларнинг етарли даражада эмаслиги ҳақидаги мурожаатлар сони ортган. Тўғри, тўловлар қонун доирасида амалга оширилмоқда, бироқ бундан 6 йил аввал автосуғурта бўйича белгиланган 40 млн сўм миқдоридаги товон пули – бугунги иқтисодий воқелик ва харажатлар миқдорини тўлиқ қамраб олмаяпти.
Мулоқот давомида амалдаги лимитларни қайта кўриб чиқиш имкониятлари муҳокама этилди. Хусусан, ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун компенсацияларни икки баробар ошириш масаласи кўтарилди. Шунингдек, шикастланган автомобиллар учун 28 миллион сўм миқдорида суғурта пулини белгилаш ҳам мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Мутахассисларнинг фикрича, бу чегарадаги товон пули, чет эл ишлаб чиқарган автомобиллар бўйича 75 фоизгача, маҳаллий автомобиллар бўйича эса 98 фоизгача зарарни қоплаш учун етарли ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Термиздаги медиа-тур фикр-мулоҳаза алмашиш учун очиқ майдон вазифасини ўтади. Мазкур бевосита мулоқот чоғида иштирокчилар томонидан билдирилган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, мажбурий автосуғурта тизими иқтисодий шарт-шароитларга мослаштирилиши ва барча йўл ҳаракати иштирокчилари учун ишончли ҳимояни таъминлаши лозимлиги тўғрисида умумий нуқтаи назар билдирилди.
Live
Барчаси