Матбуотнинг сариқ, қизил ёки яшили бўлмайди, у матбуот – Қамариддин Шайхов
Жамият
−
26 Май 2021
5293Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 21–25 май кунлари пойтахт марказида катта шаҳарча ташкил этилиб, 5 ташаббус ҳаракати фестивали бўлиб ўтди. Тадбирнинг сўнгги кунида Ёшлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, QALAMPIR.UZ нашри таъсисчиси Қамариддин Шайхов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида ёшлар билан мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида Қамариддин Шайховга QALAMPIR.UZ сайти Ўзбекистоннинг “сариқ” матбуотими деган савол билан мурожаат қилинди.
Шайхов саволга жавоб берар экан, матбуотнинг “сариқ” ёки “қизил”и бўлмаслиги, агар QALAMPIR Ўзбекистоннинг “сариқ” матбуоти номини олган бўлса, у бундан фақат фахрланишини айтди.
“Журналист сифатида алоҳида айтаманки, мен энг ёмон кўрган гап бу – “сариқ матбуот”. Матбуотнинг “қизил”, “сариқ” ёки “яшили” бўлмайди, у матбуот. У матбуотлик вазифасини бажаряптими, ўзининг белгиланган принциплари ва қоидаларига риоя қилган тартибда ишлаяптими, уни муҳокама қилиш ноўрин. QALAMPIR.UZ “Сариқ” ёки “қизил”, майли нима дейишса ҳам, улар учун “сариқ” матбуот бўлса, биз бундан хурсандмиз. Чунки бу номни оладиган медиалар дунёда саноқли. Aгар QALAMPIR Ўзбекистоннинг “сариқ” матбуоти бўлган бўлса, бу биз учун фахр. Нима учун биз буни иснод деб қабул қилишимиз керак?”, деган Қамариддин Шайхов.
Маълумот учун, фестиваль доирасида ёшлар учун, маданий интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, ҳукумат аъзолари ва депутатлар билан учрашувлар ва бошқа тадбирлар ўтказилган.
Сардор Тўланбоев
LiveБарчаси