Мaск Теsla акцияларининг бир қисмини сотди

Олам 2579
image

Тesla компаниясининг бош ижрочи директори Илон Маск Twitter компаниясини 44 миллиард долларга сотиб олганидан бир неча кун ўтиб, электр автомобиль ишлаб чиқарувчисининг 3,95 миллиард долларлик акцияларини сотди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, Теsla акциялари қулаганидан сўнг, тадбиркорнинг соф бойлиги 200 миллиард доллардан пастга тушган. Маск 5 — 8 ноябрь кунлари 19,5 миллион долларлик акциясини сотган.

"Reuters" ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги акциялари сотувидан кейин Мaскнинг Tesla'даги улуши тахминан 14 фоизни ташкил қилган. Миллиардер нима мақсадда улушларини сотганини ошкор этмаган.

Сўнгги сотувлар, таҳлилчилар, Мaскдан Тwitter битимини молиялаштириш учун Теsla'нинг қўшимча акцияларини сотишини кутган пайтга тўғри келди.

Дунёнинг энг бой одами Маск апрель ойида Теsla акцияларини сотганини айтган эди. Шунга қарамай, у август ойида Теsla компаниясининг яна 6,9 миллиард долларлик акцияларини сотишни давом эттирди. Ушбу савдолардан тушган даромад ижтимоий медиа платформасини харид қилиш учун тўловларга ишлатилган.

Дунёнинг энг бой одами Tesla’даги улушларининг бир қисмини сотганидан кейин ва у ўтган йили амалга оширган сотувларни қўшиб ҳисобласа, 20 миллиард долларлик нақд пулга эга бўлган. Бундан ташқари, Маск Тwitter'ни сотиб олиш учун яна қўшимча равишда 2 миллиардан 3 миллиард долларгача маблағ жалб қилиши керак бўлган.

Теsla акциялари бозордаги қийматининг деярли ярмини йўқотди. Жорий йилнинг апрель ойида Мaск Тwitter'ни сотиб олиш истагини билдирган эди. Ошандан Теsla 70 миллиард доллар йўқотди. Бу эса деярли Мaск харид қилган Тwitter'дан икки баравар қимматроқдир.

Маск ўтган ой Тwitter'ни сотиб олиш ишини якунлади ва платформада катта ислоҳатлар бошлашини эълон қилди. Булар орасида ходимларнинг ярмини ишдан бўшатиш ва кўк текширув белгилари учун ҳақ тўлаш режаси ҳам бор. Маскнинг айтишича, компания ишчиларининг ярми билан хайрлашса, кунига 4 миллион евро тежаб қолади. Шунингдек, тадбиркор Тwitter'дан жуда тез фурсатда фойда олишни кўзламоқда. Сабаби Илон Маск катта фоиз эвазига 13 миллиард доллар кредит олган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 73
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×