Маск “тахтдан тушди”. Айни пайтда дунёнинг энг бой одами ким?
Олам
−
31 Январь
15433Американинг Forbes журнали дунёдаги энг бой одамларнинг янги рейтингини тақдим этди.
Рўйхатга кўра, LVMH (Christian Dior, Louis Vuitton, Моët & Chandon ва бошқа брендларга эга) гуруҳи раҳбари Бернард Арно Маскни ортда қолдириб, дунёнинг энг бой одамига айланди. Айни пайтда француз бизнесменининг бойлиги 207,6 миллиард долларга баҳоланяпти. “Tesla” бош директорининг маблағи эса 204,7 миллиард долларни ташкил қилади.
Бир йил аввал LVMH раҳбари Илон Маск ва Жефф Безосдан кейин учинчи ўринни эгаллаганди. Ўтган ҳафта бор-йўғи бир кун ичида Арнонинг бойлиги 22,7 миллиард долларга ўсган ва бу 12,3 фоиз дегани. Маск эса ўша куни 18 миллиард доллар ёки капиталининг 8,1 фоизини йўқотган.
Арно бошчилигидаги энг йирик ҳашаматли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи LVMH 2023 йил учун рекорд кўрсаткичларини эълон қилди.
Ўтган йили нуфузли брендларнинг бутун қаторига эгалик қилувчи компаниялар – “Louis Vuitton”, “Christian Dior”, “Fendi” ва “Tiffany & Co.”нинг даромади кескин ошди ва 86,2 миллиард еврога етди. Бу 2022 йилга нисбатан 13 фоизга кўп ва таҳлилчилар томонидан башорат қилинган 85,74 миллиард евролик кўрсаткичдан ҳам ўтиб кетди. LVMH Group'нинг фойдаси чакана савдо билан боғлиқ бўлиб, унинг 25 фоизга ортиши кузатилди.
Франциялик миллиардер, шунингдек, 2024 йил унинг бизнеси учун алоҳида йил бўлишидан умидвор ва LVMH жорий йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига ҳомийлик қилишини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, Маскга тегишли “Tesla” компаниясининг ҳам соф фойдаси 7,93 миллиард долларга ошган бўлса-да, бироқ бу асосан 5,75 миллиард доллар миқдоридаги бир марталик солиқ имтиёзлари орқали қўлга киритилди.
Мутахассислар 2024 йилги глобал автомобиль саноати учун қийин паллани бошдан кечиришини башорат қиляпти. Ҳатто Tesla рентабеллиги сезиларли даражада пасайиши мумкин. Бу Уолл-стритдаги бир қанча таҳлилчиларни автомобиль ишлаб чиқариш бўйича тахминларини қайта кўриб чиқишга ундади ва бу компания акциялари нархига таъсир қилмасдан қолмади.
Даромад эълон қилинганидан кейин Tesla акцияларининг қиймати 12 фоизга тушиб кетди. Шундай қилиб, Илон Маск “Forbes” рўйхатида иккинчи ўринни эгаллади.
Улканбаева Райхона