Маск биринчи марта “Forbes”нинг миллиардерлар рейтингини забт этди

Олам

image

“Forbes” ўзининг йиллик рейтингида “Tesla” компаниясининг энг йирик акциядори Илон Маскни сайёрадаги энг бой одам сифатида қайд этди. Унинг бойлиги 219 миллиард долларга баҳоланган.

Нашр ўзининг йиллик рейтингида илк марта тадбиркорни сайёрадаги энг бой одам сифатида эътироф этди – ўтган йилги рейтингда у 151 миллиард доллар билан иккинчи ўринни эгаллаган эди. Сўнгги 12 ой ичида Маск 68 миллиард долларга бойиди. Бу унга асосий рақиби – “Amazon” асосчиси Жефф Безосни ортда қолдириш имконини берди. Безоснинг бойлиги 171 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу бир йил аввалгидан 6 миллиард долларга кам.

Маскнинг асосий активлари электромобиль ишлаб чиқарувчи “Tesla”  компаниясидаги улушлар бўлиб, у 172,6 миллион дона ёки компания акцияларининг 17 фоизига, “SpaseX” космик компанияси акцияларининг деярли 44 фоизига эгалик қилади. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, 2021 йилда у 11 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўлаган ва АҚШнинг энг йирик хусусий солиқ тўловчисига айланган.

Илон Маск ўзининг биринчи бизнесини 1995 йилда акаси билан бирга бошлаган Улар ахборот агентликларига интернетда контент чоп этиш ва ўз мижозларига қўшимча пуллик хизматлар таклиф қилиш имконини берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи Zip2 компаниясига асос солган. 1999 йилда бу стартап “Compaq” томонидан 304 миллион долларга сотиб олинган. Zip2 да 7 фоиз улушга эга бўлган Маск 22 миллион доллар олган.

Ўша йили тадбиркор X.com компаниясига асос солган, кейинчалик компания “PayPal” номи билан машҳур бўлди. 2002 йил октябрь ойида “PayPal” “eBay” томонидан 1,5 миллиард долларга сотиб олинди. Сотиш вақтида Маск компаниянинг 11,7 фоиз улушига эгалик қиларди, бу эса унга 165 миллион доллар даромад олиш имконини берди.

Худди шу йили Маск SpaseX компаниясига асос солди, бир йилдан кейин эса “Tesla Motors” ташкил этилди. 2008 йил декабрь ойида NASA SpaseX билан 1,6 миллиард долларлик шартнома имзолади ва ўша йили “Tesla” ўзининг биринчи автомобили — Tesla Roadster’ни сотувга чиқарди.  

Биринчи марта Илон Маск 2012 йилда “Forbes” рўйхатига кирди. Кейин у 2,4 миллиард доллар бойлиги билан 190-ўринни эгаллади. 2019 йилда “Tesla” дунёдаги энг йирик электромобиллар ишлаб чиқарувчисига айланди, 2021 йил октябрь ойида унинг капиталлашуви биринчи марта 1 триллион доллардан ошди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илон Маск Tesla

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг