Машинасоз олим Азмиддин Садриддинов вафот этди. Президент ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Жорий йилнинг 4 декабрь куни машинасозлик соҳасидаги таниқли олим, Тошкент давлат техника университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори Азмиддин Садриддинович Садриддинов 89 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ҳамдардлик билдирди.

Садриддинов 1936 йил 26 июнда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент енгил саноат институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таълим олган. Меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент техника университети)да катта лаборант вазифасида бошлаган. Ушбу ўқув даргоҳининг аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Истеъдодли олим Тошкент техника университетида катта ўқитувчи, доцент, Механика, Трактор ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги факультетлари декани, биринчи проректор, профессор, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари каби лавозимларда самарали хизмат қилиб, мамлакатда юксак малакали кадрлар тайёрлаш, аграр соҳани замон талаблари асосида механизациялаштиришга доир илмий ишланма ва қўлланмалар тайёрлаш, уларни амалиётга жорий этиш жараёнларига муносиб ҳисса қўшган.

Устоз олим тажрибали педагог сифатида кўплаб шогирдлар тайёрлаган, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва 5 та докторлик илмий иши ҳимоя қилинган.

Садриддиновнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори” фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.

“Таниқли олим ва педагог, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Азмиддин Садриддиновнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик Азмиддин Садриддинов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг