Марҳамат туманига янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
01 Май
5132Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳокими лавозимига Ўткирбек Комилжонович Маъмуров тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўткирбек Маъмуров 1973 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1997 йилда “К.Тимирзаев” номли Москва қишлоқ хўжалиги академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида қишлоқ хўжалиги соҳаларида агроном, мудир, раис ўринбосари, раис, бошқарма бошлиғи ўринбосари каби лавозимларида ишлаган.
Маъмуров ушбу лавозимга тайинлангунига қадар Булоқбоши тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Шу пайтга қадар Марҳаматни бошқариб келаётган Бобуржон Йўлдошев нима сабабдан туман ҳокими лавозимидан кетгани очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 май куни Бухоро шаҳрини шу пайтгача бошқариб келган Жамол Носиров соғлиги ёмонлашгани муносабати билан лавозимидан озод этилгани, унинг ўрнига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги иссиқлик таъминотини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Қурбон Турсунов Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқлангани хабар қилинганди.