Март ойидаги совуқ мева-сабзавотларнинг қанчасини зарарлагани очиқланди
Жамият 07 Апрель 09:57
5974
Жорий йил март ойида республикага совуқ ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида ҳароратнинг кескин пасайиши ҳамда ёғингарчилик кўп кузатилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан ноқулай об-ҳаво шароитининг таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижалари маълум бўлди.
Уларга кўра совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига эса совуқ таъсир этмагани аниқланган.
Шимолий ҳудудлар Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Републикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган.
“Илмий манбаларга кўра, дарахтларнинг совуққа чидамлилик даражаси мева тури ва навининг биологик хусусиятига боғлиқ. Шу сабабли, мевали боғларнинг турлари ва навларига қараб, жорий йил апрель-май ойида дарахтларнинг ҳосил тугиш (ғўралаш) фазасида кутилаётган ялпи ҳосилдорлик бўйича апробация ўтказилади ва ҳосил етиштириш ҳажмлари белгилаб олинади. Таъкидлаш керак, бугунги кунда аграр соҳа олимлари томонидан эрта гуллаб пишадиган ва совуққа чидамли навларни яратишда илмий ишлар олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълум қилинишича, жорий йил март ойининг 3-декадасида Республикада мавжуд 338 минг гектар (248 минг га фермер хўжаликларида, 90 минг га аҳоли томорқасида) мевали боғларнинг (ўрик, шафтоли, бодом, олча) 77 минг гектари (22%) гуллаган ҳамда 182 минг гектар узумзорларнинг (130 минг га фермер хўжаликларида, 52 минг га аҳолида) 42 минг гектари (23%) тупроқдан очилиб, куртаклаган.
Ушбу боғ ва узумзорларни совуқдан асраш мақсадида ҳудудларда ҳаво ҳарорати +2 даражадан паст бўлган жойларда 17 мартдан 23 мартга қадар 74,4 минг гектар мевали боғ ва узумзорларга сув қўйилди, 117,4 минг гектарида хашак, похол, шох-шаббалардан тайёрланган уюмлар тўпланиб тутатилган. Бундан ташқари, 8 404 гектар боғларда гуллаш фазасини кечиктириш учун махсус препаратлар билан ишлов берилган.
Эртаки сабзавот ва картошка майдонларида илиқ ҳароратни ушлаб туриш учун 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси 2,1 минг гектар майдонга сув қўйилди, шох-шабба уюмлари тўпланиб тутатилган.
Шунингдек,20,7 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари енгил суғорилди, 5,4 минг гектар майдонга плёнка ёпилди, 16,1 минг гектар дала четларида хашак уюмлари тутатилган.