Марказий Осиёнинг ТОП актрисалари эълон қилинди. Ўзбеклардан кимлар бор?

Маданият-санъат

actress copy

Одатда Голливуд ва Болливуд актрисаларининг иқтидори ва гўзаллиги ҳақида кўп таъкидланади. Уларнинг олган совринларию, ўйнаган роллари бот-бот мақталади. Хўш, Марказий Осиёда ўзининг такрорланмас роллари ва гўзаллиги билан машҳур бўлган актрисалар кимлар? “Asia-Plus” нашри Марказий Осиёнинг энг кўзга кўринган актрисалари рўйхатини эълон қилди.

Ўзбекистон

Равшана Куркова

Равшана Куркова 1980 йил 22 август куни Тошкентда туғилган, кейин Москвага кўчиб кетган ва у ерда актрисалик карьерасини қурган. У санъаткорлар оиласида туғилган. Унинг отаси Баҳром Матчонов театр актёри, онаси Раъно Кубаева эса актриса ва режиссёр. Равшана Тошкентдаги Успенский номидаги мусиқа билим юртида таҳсил олган.

Равшана 50 дан ортиқ филмларда ўйнаган. Жумладан, Анна Меликяннинг “Севги ҳақида”, Ралф Файнснинг “Оқ қарға”, “Ҳақиқий бўлмаган севги”, “Ижарага бериладиган болалар” кинолари, “Ошиқ аёллар” сериалида роллар ижро этган. У 12 ёшида Рашид Маликовнинг 1992 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган фалсафий драмасида роль ўйнаган. У машҳур рок гуруҳ Мачетенинг “Нежность” ва Кастанинг “Сочинай мечты” клипларида ҳам роль ижро этган.

У мухлисларга “Барвиха” сериалидан кўпроқ таниш. Уни Россиядаги энг гўзал аёллардан бири деб билишади.

Раъно Шодиева

Раъно Шодиева ўзбек шоу-бизнесининг ёрқин шахсларидан бири. У 1979 йил 12 август куни Самарқанд шаҳрида туғилган.

Раъно Шодиева 13 ёшида “Атроф оппоқ қор билан қопланган” фильмида дебют ролини ўйнаган. Мактабни тамомлагач Раъно Шодиева актриса бўлиш ниятида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият олийгоҳига ўқишга кирган. Кейинчалик ушбу олийгоҳни магистратура босқичида ҳам таҳсил олган.

У 1998 йилда “Шайтанат” фильмида Зайнаб ролини ижро этган. Актрисани машҳур қилган ролларидан бири “Чимилдиқ” киноси бўлган. Шунингдек, актриса 2006 йилда чиққан “Ватан” кинофильмида ўйнаган Гунафша роли билан томошабинларнинг севимли актрисаларидан бирига айланган. Раъно Шодиева актрисаликдан ташқари кўп йиллар дизайнер сифатида ишлаб, аёллар либосларини тикиш билан шуғулланган.

Актриса 2021 йилда эфирга узатилган “Мендирман, Жалолиддин” сериалида Жалолиддиннинг онаси Ойчечак образида намоён бўлган.

Ҳозирда актриса “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” қошида ташкил этилган “Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази” раҳбари сифатида фаолият юритади. У I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.

Актирасининг шахсий ҳаётига тўхталадиган бўлсак, у оилали бир қиз ва икки ўғил фарзанди бор. Унинг қизи “Новда” фильми орқали кино ихлосмандлари назарига тушган Руҳшона Шодиева бўлади. 

Шаҳзода Матчонова

Шаҳзода Матчонова 1987 йил 8 августда Нукус шаҳрида туғилган. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олган. У актриса бўлишни орзу қилмаган, у адвокат бўлишни хоҳлаган. Аммо Шаҳзода Зебо Наврўзованинг “Апрель-май” картинасида кастингдан ўтиб, илк ролини ижро этган.

Актриса Тахмина ролини ўйнаган “Ётоқхона” телесериали туфайли катта машҳурликка эришган. Кейинчалик, актриса “Сўнгги лаҳза”, “Жонимнинг ўғриси” ва “Ўзимдан ўзимгача” фильмларида роль ўйнаган. 2016 йилда у “Сув парилари учун уй” фильмида бош қаҳрамонни гавдалантирган. Шунингдек, у шу йили “Барон” фильмида ҳам роль ижро этган.

Бундан ташқари, уни “Қалб кўзи” ва “Кузда гуллаган дарахт” киносидаги роллари ҳам ўзбек кино саноатида алоҳида аҳамиятга эга.

Актрисанинг шахсий ҳаётига тўхталадиган бўлсак, у 2016 йил Умар исмли йигитга турмушга чиққан. Улар 2021 йилда қиз фарзандли бўлишган. Қизига Рания деб исм қўйган. Актрисанинг Instagram’да 2,8 миллион обуначаси бор.

Тожикистон

Сабина Шаймарданова

Сабина Шаймарданова 1992 йил 13 ноябрда туғилган. У ижодини 2014 йилда бошлаганига қарамасдан тезда машҳурликка эришади. Сабина ўзининг шов-шувли драматик “РИЁ”, “Аруси замонави”, “Аруси замонави-2” ва “Болалик хатоси”даги роллари билан танилган. У бундан ташқари қўшиқчилик фаолияти билан ҳам шуғулланади. Аммо унинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумотлар етарли эмас.

Рафоат Шоазимова

Рафоат Шоазимова 1999 йил 5 июнь куни зиёлилар оиласида туғилган.

Ёш актриса 2020 йилда премьераси бўлган акаси режиссёр Руми Шоазимовнинг “Вилоят хаёлпарастлари” фильмида суратга тушганидан сўнг машҳурликка эришган. У 2021 йилда Италиядаги Asti Film фестивалида “Энг яхши аёл роли” номинациясида ғолиб бўлган.

Унинг онасининг айтишича аслида Рафоат ҳеч қачон актриса бўлишни режалаштирмаган.

“У, албатта, санъатни яхши кўрарди, лекин кинони эмас”, дейди унинг онаси.

Сайёра Сафари

Сайёра Сафари 1991 йил 21 мартда Душанбеда туғилган, аммо 16 ёшида у Москвага жўнаб кетган. У Шчепкин номидаги Олий театр мактаби битирувчиси ҳисобланади.

Унга 2011 йилда режиссёр Роман Просвирнин томонидан суратга олинган “Гюлчатай” мелодрамасидаги бош ролдан кейин катта шон-шараф келган.

Унинг қаҳрамони ушбу мелодрамада осиёлик кичик бир қишлоғда яшовчи, ҳамшира бўлишни, одамларга ёрдам беришни орзу қиладиган меҳрибон ва камтарин қиз Гулчатой бўлган.

Бундан ташқари, Сайёра Александр Коттнинг “1001” мелодрамаси, “Салом, Москва”, “Ва мен у ерда эдим”, “Ҳар қандай ҳолатда ҳам қайт” ва “Сен менинг азизимсан” фильмларида ҳам роллар ижро этган.

Ўтган йили актриса Душанбедаги экспериментал болалар кино мактаби ўқувчилари учун маҳорат дарслари ўтказганида ўзининг ватани Тожикистонга ташриф буюрган.

Қозоғистон

Алия Телебарисова

Алия Телебарисова 1993 йил 30 апрель куни Олмаота шаҳрида таваллуд топган. У Лос-Анжелесдаги Нью-Йорк кино академиясининг актёрлик факультетини тамомлаган. Унинг дебюти режиссёр Ахан Сатаев томонидан суратга олинган “Агайинди” телесериали эди. У нафақат актрисалиги билан машҳур, унинг ёқимли овози ҳам бор. Шунингдек, у моделлик билан ҳам шуғулланади.

У 2005 йилда Тошкентда бўлиб ўтган “Кичик малика” халқаро вокал танловида Гран-прига сазовор бўлган. Бундан ташқари, Алия 2011 йилда “Мисс Алмати” танловида ғолиб бўлган.

Асель Сагатова

Асель Сагатова 1985 йил 5 майда Қозоғистонда туғилган. Асель 2013 йилда “Назарбоев” номли ҳужжатли фильмда роль ижро этган ва шу роли билан машҳурликка эришган. 

Асель “Хайрли оқшом, Қозоғистон” дастурининг бошловчиси бўлган ва “Юлдузли рақслар” шоусида ҳам иштирок этган.
Актриса Асель Сагатова номли моделлаштириш мактабини ҳам очган.

Қарлиғаш Мухамеджанова

Қарлиғаш 1983 йил 22 июль куни юлдузлар оиласида туғилган. Унинг онаси Қозоғистон халқ артисти, опера хонандаси Нуржамал Усенбаева, отаси эса таниқли бастакор Тулеген Муҳамеджанов.

Қизиғи Қарлиғаш Қозоғистон давлат юридик академиясининг халқаро муносабатлар факультетини халқаро ҳуқуқ йўналиши бўйича тамомлаган ва кейинчалик Бостон коллежида тил дастурида таҳсил олган.

Қарлиғаш кинода 2009 йилдан буён фаолият юритиб келади. Унинг дебют фильми “Лавэ” бўлган. У 2016 йилда “Юлдузлар шундай шаклланган” фильмида роль ижро этган. Шунингдек, у “Юрагим менинг – Остона” картинасида ҳам иштирок этган.

Қирғизистон

Галина Кетова

Галина қирғиз кино саноатидаги энг машҳур актрисадир. У Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино актрисаси.

Актриса “Чеховнинг эллик сояси” спектаклларида, “Оддий аёл” яккахон спектаклларида ҳамда Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим”, “Жамила”, “Она даласи” ва бошқа кўплаб асарлари асосидаги спектаклларда ёрқин образларни яратган.

У Эрнест Абдижапаровнинг “Саякбай” фильмида ҳам суратга тушган. Галина “Гала” жамоат фонди президенти ҳисобланади.

Мээрим Атантаева

Қора сочли ва қорамағиз кўринишга эга Мээрим Атантаева фаолиятини модель сифатида бошлаган, аммо актриса бўлишни орзу қилган. Унинг ота-онаси бу танловни ёқтирмаган. Шунинг учун у иқтисодчи сифатида жиддий касб эгаси бўлган. 2011 йилда Мээрим “Мисс Интернет” танловида ғолиб бўлгач, Америкага жўнаб кетган. Ватанига қайтгач, Атантаевага кинода роль таклиф қилишган ва унинг кинематографиядаги йўли бошланган.

У “Мунабия”, “Қурут”, “Даҳшатли гўзал” фильмларида роль ижро этган. Шунингдек, у Марат Сарулунинг “Умут шооласи” фильмини суратга олишда иштирок этган.

Мээрим актрисаликдан ташқари, мода саноати билан ҳам шуғулланади ва ушбу йўналишда ҳам машҳурликка эришган. 
Атантаева Жанубий Корея модалар ассоциацияси томонидан ўтказилаётган “Осиё моделлари” фестивалида кетма-кет икки йил давомида Марказий Осиёнинг энг яхши модели деб топилган.

Ушбу рўйхатга Туркманистон актрисалари киритилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг