Марказий Осиёда иқлим 2 баробар тез ўзгармоқда – Сенат
Жамият
−
17 Май 2022
9286Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди.
Унда иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган вазифалар бажарилиши ҳолати юзасидан Гидрометеорология хизмати маркази Бош директорининг ахбороти эшитилган.
Қайд этилишича, Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда. Дарёлар сувини шакллантирувчи музликларни тобора эриб бориши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вазирликлар ва идоралар томонидан қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган айрим тадбирларни бажарилишида сусткашликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги 2022-2030 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари охирига етказилмаган.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғидаги иссиқхона газлари ажратмаларини камайтириш имкониятларини ўрганиш борасидаги ишлар ҳам охирига етказилмаган.
Шунингдек, иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қурилишда техник нормативларни қайта кўриб чиқиш “Янги қурилиш қоидалари”ни тасдиқлаш тадбири якунланмаган.
Сенаторлар томонидан ўз вақтида бажарилмаган вазифаларни охирига етказиш ва бошқа масалалар юзасидан масъулларга топшириқ, тегишли таклиф ва тавсиялар берилган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси шамол атласи”ни ҳамда “Ўзбекистон Республикаси қуёш атласи”ни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.
Мажлисда муҳокама этилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси