Марказий Осиёда 5 миллионга яқин иқлим муҳожирлари пайдо бўлади – Тўқаев
Олам
−
16 Сентябрь 2023
7458Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик оқибатида 5 миллионга яқин иқлим муҳожирлари “туғилиши”ини айтди. Бу ҳақда у Тожикистонга амалий ташрифи чоғида маълум қилди.
Тожикистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида Қозоғистон Президенти йиғилиш иштирокчилари эътиборини бир қатор долзарб масалаларга қаратган. Жумладан, Марказий Осиё хавфсизлигига глобал иқлим ўзгариши, сувнинг камайиши ва қурғоқчилик таҳдид солаётганидан огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, минтақада рўй бераётган бундай табиий ўзгаришлар 20-25 йилдан сўнг ноқонуний ички муҳожирларнинг кўпайишига олиб келади.
“Халқаро экспертларнинг фикрича, минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан анча тез кўтарилмоқда. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги асосий сув манбаи бўлган музликлар майдонининг қисқаришига олиб келади. Охирги 50 йил ичида уларнинг ҳажми 30 фоизга камайган. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик йилига ялпи ички маҳсулотнинг 1,3 фоизига зарар етказиши мумкин. Бу эса 5 миллионга яқин ички иқлим муҳожирларининг пайдо бўлишига олиб келади”, деган Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиёда қурғоқчилик туфайли қирғизистонликлар Ўзбекистонни айблаётгани, Қозоғистонда эса отлар ўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси