«Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форуми иштирокчиларига

Жамият 1533
image

Азиз дўстлар!

Аввало, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, халқимизнинг маънавий-моддий меросини оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшиб келаётганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. 

Марказий Осиё минтақаси ўзига хос ягона тарихий-маданий макон сифатида жаҳон цивилизацияси ривожига улкан таъсир кўрсатгани барчамизга яхши маълум. Хусусан, “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган IX–XII асрларда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юз бериб, заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар етишиб чиқди ва бутун мусулмон оламининг фахру ифтихорига айланди. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарий тараққиётга беқиёс таъсир кўрсатди. XV асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат минтақада иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Атоий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.

Бугун Янги Ўзбекистонда илм-фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар орқали янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратишга бел боғлаганмиз. Шахсан ўзим қачонки Хоразм тупроғига қадам қўйсам, кўҳна тарих сирларидан огоҳ бўлгандек, кўп ҳаётий ҳикматларнинг мағзини чаққандек бўламан. 

Хоразм қадим-қадимдан ўзига хос жозибадор санъати билан ҳам машҳур. Бугун хорижий давлатлар вакиллари лазги миллий рақсини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. Шундан келиб чиқиб вилоятда лазги академиясини ташкил этиш мўлжалланган. Қолаверса, санъатимизни тараннум этиш, хорижликларни юртимизга жалб қилиш мақсадида Хоразмда лазги бўйича халқаро фестиваль ўтказяпмиз.

Кези келганда «Шашмақом» ва «Бойсун туманининг маданий макони» (2008), «Катта ашула» (2009), «Аския» (2014), «Палов маданияти ва урф-одатлари» ҳамда «Наврўз» (2016) Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олганини эслаб ўтган ҳолда, шу кунларда эса бахшичилик санъати ҳамда этник спорт турларининг ҳам умумбашарий миқёсда эътироф этилишига эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлашни истардим.

Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасида, Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани – Яратганнинг инояти, улкан имконият ҳисобланади. Ватанимиз қадим замонлардан муҳим савдо ва миграция йўлларининг туташув нуқтаси бўлган. Бу ерда маданиятлар ва динлар ўзаро уйғунлашиб, кўпгина миллат ва элатлар учун ўзига хос, такрорланмас яшаш муҳитини шакллантирган. Юксак ривожланган шаҳар ва кўчманчи цивилизацияларнинг бир-бирига ўзаро таъсири маданиятимизга дунёнинг бошқа ҳудудларидан ажратиб турувчи бетакрорлик бахш этган. 

“Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми доирасида Хива шаҳрида UNESCO билан ҳамкорликда Маданий мерос масалалари бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси кенгашининг йиғилиши, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) маданият вазирларининг навбатдаги мажлиси, Нукус шаҳрида “Археология ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш” халқаро археология анжумани ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси ўтказилмоқда.

Яқинда, хабарингиз бор, қутлуғ сана – Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини кенг нишонладик. Истиқлол йилларида ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш йўналишида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги беш йилда илмий ишланмалар ва ғоялар, ташаббуслар алмашинуви учун янги фестиваллар ҳамда платформалар яратишга алоҳида эътибор қаратдик. Маданий меросни оммалаштиришга қаратилган бир неча форумлар, жумладан, Термизда Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани, Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивалини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилди. Ислом таълимоти ғояларини ёйиш ва буюк илоҳиётчилар асарларини ўрганиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилди ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.

Форумнинг асосий тадбирларидан бири бўлган – Туркий тилли давлатлар маслаҳат учрашувига ҳам муваффақият тилайман. 

Бутун инсоният мулки ҳисобланган Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришга қўшган бебаҳо ҳиссангиз учун Сизга яна бир бор ўз миннатдорлигимни билдираман. Ушбу нуфузли форумни ўз шафелигида ўтказаётгани учун UNESCO ташкилоти раҳбариятига ҳам ташаккур айтамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.5
t
×