Марказий Осиё етакчилари Хитойда қандай кутиб олинди? (фото+видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Хитой шимоли-ғарбидаги Сиань шаҳрида Хитой-Марказий Осиё саммити бўлиб ўтади. Хитой раҳбари Си Цзиньпин раислигида бўладиган саммитда қатнашиш учун Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сианга етиб борди. QALAMPIR.UZ Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Хитойда қандай кутиб олингани акс этган фото ва видеоларни жамлади.

Энг биринчи бўлиб, 16 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Сианга етиб борди. Аэропортда уни Хитой ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари кутиб олди, шунингдек, фахрий қоровул саф тортди.

Кеча, 17 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Сиань шаҳрига борди. Аэропорт ҳудудида давлат раҳбарини фахрий қоровулдан ташқари, қўлларида Қозоғистон ва Хитой байроқларини ушлаб турган хитойлик мактаб ўқувчилари кутиб олган.

Шу куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам рафиқаси Ойгул Жапарова билан бирга Хитойга етиб борган. Уларни ХХР Маданият ва туризм вазири Ху Хепинг кутиб олди. Аэропортда фахрий қоровул саф тортган. Бу ерда ҳурматли меҳмонлар учун қисқа концерт дастури ҳам намойиш этилган.

Бугун, 18 майга ўтар кечаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Биринчи хоним Зироат Мирзиёева билан Сиань шаҳрига етиб борган. Ўзбекистон раҳбарини Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири Ху Хепинг, Шенси провинцияси губернатори Чжао Ганг ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. Аэропортда мартабали меҳмонлар шарафига фахрий қоровул саф тортиб, миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижроси билан тантанали дастур ташкил этилган.


Бугун, 18 май куни эрталаб Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Сианга учиб борган. Уни аэропортда Хитой ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, фахрий қоровул ҳамда қўлларида гуллар ва байроқлар тутган болалар қарши олган.


Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, эртага, 19 май куни Хитой ва Марказий Осиё етакчилари биринчи марта C5+1 форматидаги йиғилишда шахсан қатнашади, у ерда Си Цзиньпин муҳим нутқ сўзлайди ҳамда долзарб сиёсий ҳужжат имзоланади.

Ҳозирда Cиань шаҳри бўйлаб саммитни тарғиб қилиш учун хитой ва рус тилларида баннерлар, билбордлар ва ҳатто такси белгилари ҳам ўрнатилган.  

Маълумот учун, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги икки томонлама савдо ўтган йили рекорд даражадаги 70 миллиард долларга етган. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 31 миллиард доллар билан етакчилик қилган. Кейинги ўринларни 15,5 миллиард доллар билан Қирғизистон, 11,2 миллиард доллар билан Туркманистон, 9,8 миллиард доллар билан Ўзбекистон ва 2 миллиард доллар билан Тожикистон эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Марказий Осиё Сиань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made