Марказий Осиё сув-энергетика комплексига 400 млн доллар сармоя киритилади

Олам

image

Евроосиё тараққиёт банки яқин уч йилда Марказий Осиё сув-энергетика комплексига камида 400 миллион доллар сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда ушбу банк бошқаруви раиси Николай Подгузов Нью-Йоркдаги БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида маълум қилди.

“Ҳозирги ўрта муддатли стратегиямизга кўра, биз Марказий Осиё сув-энергетика комплексини банк фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири деб биламиз. Банк ҳисоб-китобларига кўра, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни муваффақиятли ҳал этиш минтақавий ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларини йилига 1,5 фоизга қўшимча оширишга олиб келиши мумкин. Суғоришнинг замонавий технологияларини жорий этиш ва суғориш тизимларини модернизация қилиш сувдан фойдаланиш самарадорлигини 40 фоизга оширади”, дейди Подгузов.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тақсимлаш муаммоси биргаликдаги ҳаракатни талаб қилади. Шунингдек, у Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан етарлилик ва оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этишда иштирок этиши лозим бўлган кўп томонлама тараққиёт банклари ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ролини таъкидлаб ўтган.

“Бу ерда қилинадиган ишлар кўп. Биз бошқа кўп томонлама банклар, аъзо ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутамиз. Ўйлайманки, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз Марказий Осиёдаги узоқ муддатли сув муаммоларини муваффақиятли ҳал қилади”, дея сўзини якунлаган Николай Подгузов.

Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сув конференцияси БМТ бош қароргоҳида 22-24 март кунлари бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қўшма баёнот қабул қилиш ниятини билдирган. Конференцияда бу борадаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган.

Ҳозирги кунда банк томонидан “Марказий Осиё сув-энергетика мажмуаси” инвестиция мегалойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 март куни БМТнинг бош қароргоҳида Сув масалаларига бағишланган конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси аъзоси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева нутқ сўзлаган эди. У БМТ минбарида Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда Ўзбекистоннинг етакчилиги хусусида сўз юритган.


Мақола муаллифи

Теглар

сув Марказий Осиё энергетика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг