Марказий Осиё аҳолиси 2040 йилга бориб 96 миллионга етиши мумкин
Олам
−
25 Февраль 2712 3 дақиқа
2040 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 96 миллион кишига етиши мумкин. Бу эса инфратузилмага катта босим келтириб чиқаради, шу сабабли минтақада энергия самарадорлиги, сув ресурсларини бошқариш ва транспорт соҳаларида кескин ўсиш зарур. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов ТАССга берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизнинг баҳолашларимизга кўра, 2040 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 96 миллион кишига етиши мумкин. Бу иқтисодиёт учун драйвер бўлиши керак, бироқ шу билан бирга бу рақам инфратузилмага жуда катта юклама демакдир. Қулай ривожланиш учун энергия самарадорлиги, замонавий мобил транспорт ва сув ресурсларини бошқаришда жадал ўсиш зарур”, дейди Подгузов
У минтақа иқлим ўзгаришларига энг заиф ҳудудлардан бири эканини қайд этган.
“Тахминларга кўра, сув танқислиги ортиб боради ва 2028 йилга бориб йилига 5–12 куб километрни ташкил этиши мумкин”, дейди у.
Шунингдек, Подгузовнинг айтишича, минтақада сув ресурсларининг сезиларли қисми эскирган инфратузилма сабабли йўқотилмоқда. ЕОТБ суғориш тизимларини модернизация қилиш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ва сув ҳисобини рақамлаштириш лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этмоқда.
Подгузов географик омилнинг минтақа ривожланишига таъсирини ҳам қайд этган.
“Минтақа океандан 3 минг километрдан ортиқ узоқда жойлашган. Шу сабабли савдо 20–40 фоизга қимматлашади, иқтисодиёт эса ҳар йили 1,5 фоиз пунктгача ўсишдан маҳрум бўлади. Бу ўзига хос “масофа солиғи”дир”, дейди банк раҳбари.
Унинг фикрича, бу муаммони фақат транспорт тизимини яхшилаш орқали ҳал қилиш мумкин.
“Шу боис ЕОТБ Евроосиё транспорт каркаси концепциясини таклиф қилди – бу логистика харажатларини камайтириб, савдони тезлаштирадиган транспорт йўлаклари тармоғидир. Ҳозир транспорт йўналишлари асосан шарқдан ғарбга қараб йўналган. Аммо шимол–жануб йўналиши ва истиқболдаги Трансафғон йўлаги ҳам муҳим. Улар минтақа учун Жанубий Осиё ва Форс кўрфази бозорларини очади”, дейди Подгузов.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё дунёдаги энг тез ўсаётган минтақалардан биридир. 2026 йилда ЕОТБ минтақанинг беш давлати умумий иқтисодиёти 600 миллиард долларга етишини кутмоқда.
“Бироқ олдинга силжиш ва йирик натижаларга эришиш учун аввало минтақа олдидаги чақириқларга – демография, транспорт ва сув таъминотига қандай жавоб беришни тушуниш керак. Бу уч омил бир-бири билан чамбарчас боғлиқ”, дейди банк раҳбари.
UNICEF маълумотларига кўра, 2025 йилда минтақа аҳолиси 84 миллиондан ошган.
Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки 2006 йилда Россия ва Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган.
ЕОТБ – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон каби аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ҳар томонлама ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Евросиёда инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молиявий ташкилотдир. Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига 2025 йилда аъзо бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2028 йилга бориб Марказий Осиё сув танқислигининг сурункали босқичига ўтиши ҳақида хабар берилган эди.