Марказий банк капиталини 1 триллион сўмгача оширади

Жамият 540
image

Шу кунларда жойларда сенаторлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилаётган тадбирларда ҳам шу ҳақида сўз юритилмоқда. Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларнинг қизғин муҳокамасига бағишланган мазкур анжуманларда Ўзбекистон ҳаётининг муҳим соҳаларидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ҳужжатлар бўйича турли таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда

Навоий шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий Банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳақида сўз юритилар экан, ҳужжат 12 боб ва 83 та моддадан иборат экани қайд этилди.

Янги Қонунга кўра банк фаолияти билан шуғулланиш учун банкларнинг устав капитали энг кам миқдори 100 миллиард сўм миқдорида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ банк тузиш учун дастлабки рухсатнома бериш, инвесторлар томонидан Марказий банк розилигисиз банклар акцияларини сотиб олиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, банк ходимларининг одоб қоидаларига риоя қилишини таъминлаш бўйича чоралар ҳам кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий Банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун 11 та боб ва 72 та моддадан иборат бўлиб, унда Марказий банк ваколатлари тартибга солинмоқда. Ушбу молия муассасаси устав капиталини амалдаги 2 миллиард сўмдан 1 триллион сўмгача ошириш назарда тутилган. Қонун билан аудит ўтказиш тартиби такомилига етказилмоқда. Хусусан, Марказий банк фаолиятининг ички ва ташқи аудитини ўтказиш белгиланяпти.

Унга кўра, ички аудит тегишли хизмат томонидан йилига камида бир маротаба, ташқи аудит эса ҳар йили мустақил аудиторлик ташкилотлари томонидан халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.

Наманган вилоятида эса “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маҳаллий Кенгашлар депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Таъкидланганидек, Қонун билан мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари белгиланмоқда. Ўзбекистон мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва конституцион тузумини ҳимоя қилиш, давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш кабилар шулар жумласидан.

Шунингдек, мудофаа соҳасида давлат сиёсатининг ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги каби янги тамойиллари киритилмоқда

Анжуманларда экспертлар таъкидлаганидек, жамият тараққиёти янги қонунлар қабул қилинишини талаб қилади. Шу жиҳатдан қонун ижодкорлиги жараёнининг янада жадаллашгани республиканинг демократик ривожланиш йўлидан дадил одимлаётганидан дарак беради.

Жойларда Қонунчилик палатасидан Олий Мажлис Сенатига келиб тушган янги қонунлар муҳокамаси давом этмоқда.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×