Марказий банк учта тижорат банкини жаримага тортди
Жамият
−
13 Март
8964Марказий банк 3 та тижорат банкини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилмагани учун жаримага тортди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2024 йилнинг февраль ойидаги йиғилишларда 31 та масала кўрилди ва уларда тегишли қарорлар қабул қилинган.
Жумладан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 18 та масала, хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (3 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), кредит ташкилотларини лицензиялаш (1 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш ва ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (3 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (9 та) каби масалалар кўриб чиқилган.
Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати бўйича (13 та масала) банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинган.
"Ўрганиш натижалари бўйича амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши таъминланмаганлиги сабабли 3 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилди, 6 та банк ва 1 та ипотекани қайта молиялаштириш компанияси чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, қўмита томонидан банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.
LiveБарчаси