Марказий банк ходимларига тақиқлар жорий этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари  шу йилнинг 11-12 октябрь кунлари ўтказилган Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги янги таҳрирда қонунни маъқуллади.

Қонунга янги модда қўшилган бўлиб, унга асосан Марказий банк ходимларига қуйидагилар ман этилади:

• ҳақ тўланадиган бирор-бир бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш, бундан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш мустасно;

• банклар, хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига кириш; 

• ўз хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи ахборотни ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа ахборотни учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб ошкор этиш ёки ундан фойдаланиш.

Манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган бу ўзгариш, маълум бўлишича, Беларусь тажрибасидан келиб чиққан ҳолда киритилган.

Шу билан бирга, эндиликда Марказий банк ходимларини тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг, кредит бюроларининг, банклар томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларни амалга оширувчи шахсларнинг, шунингдек консолидациялашган тарзда назорат қилиниши лозим бўлган шахсларнинг молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш учун жалб этишга йўл қўйилмайди.

Қонуннинг янги таҳририга асосан, Марказий банк бошқаруви таркиби 11 кишидан 9 кишига камайтирилмоқда, улардан 2 нафари мустақил аъзо бўлиши белгиланмоқда. Яъни МБ бошқаруви таркибига МБ раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, шунингдек бошқарувнинг икки нафар мустақил аъзоси киради. 

Мустақил аъзолар МБ раисининг тақдимномасига кўра Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Шу йилнинг 11 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида маъқулланган қонун Президент имзолагандан сўнг эълон қилинади ҳамда кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун Марказий банк тўғрисидаги

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг