Марказий банк “Давр банк” машмашаларини ўрганишни бошлади. Банк раҳбариятини жиддий санкциялар кутмоқда
Жамият
−
09 Май 2019
4694Жорий йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Марказий банки “Давр банк” ХАТБ Учтепа филиали ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган эътирозлар билан боғлиқ масалалар юзасидан телеграм каналида маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 май куни Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари “Давр банк” ХАТБ ходимлари устидан банк депозитига қўйилган пул маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилгани билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоят қилган бир гуруҳ фуқаролар билан учрашув ўтказган.
Ўз навбатида, шикоят қилган мижозларнинг банк томонидан ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди ва шу куннинг ўзида шикоят хатида кўтарилган масалаларга аниқлик киритиш учун “Давр банк” ХАТБ раҳбарлари Марказий банкка таклиф этилди.
Марказий банк тижорат банклари номидан банк ходимлари томонидан амалга оширилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар учун банк тўлиқ жавобгар деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан, “Давр банк” ХАТБга қисқа муддатда банк томонидан мижозларга етказилган зарарларни кейинчалик айбдор ходимлардан регресс ҳуқуқида талаб қилиш асосида қоплаб бериш юзасидан кўрсатма берилди.
Банк томонидан жабрланган мижозларнинг масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмаган тақдирда, Марказий банк томонидан банкнинг айрим операцияларини тўхтатишгача бўлган қатъий чоралар қўлланилади.
Марказий банк ушбу масалага “Давр банк” ХАТБ раҳбариятининг эътиборсизлиги, шу жумладан, филиал мансабдор шахсларининг фуқароларга қўяётган “жиноят содир этишга уларнинг ўзлари шароит яратган” каби айбловларини ноўрин деб ҳисоблайди ва бу ҳолатлар банк акциядорларидан банк раҳбарларини алмаштиришни талаб қилишга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этади.
Марказий банк мазкур масала тўлиқ бартараф этилмагунга қадар амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан доимий назорат ўрнатилишини маълум қилади”, дейилган Марказий банк баёнотида.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15