Марказий банк асосий ставка ва фоиз коридорини жорий этади
Жамият
−
28 Декабрь 2019
3951Марказий банкнинг Бошқаруви қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб пул-кредит операциялари бўйича Марказий банкнинг асосий ставкаси ва фоиз коридори жорий этилади.
Бунда, асосий фоиз ставка қайта молиялаш ставкасининг жорий кўрсаткичи – 16 фоиз ва фоиз коридори ± 1 фоиз банди даражасида белгиланди.
Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси амалиётда ўз кучини сақлаб қолади ҳамда қонунчиликда кўрсатиб ўтилган, шунингдек, бошқа ҳолатларда унинг миқдори асосий ставкага тенг даражада қабул қилинади.
Марказий банкнинг операцион мақсади асосий ставка ҳамда пул-кредит операциялари ёрдамида банклараро пул бозори фоиз ставкаларини самарали бошқариш ҳамда унинг белгиланган фоиз коридори доирасида бўлишини таъминлаш ҳисобланади.
Пул бозори фоиз ставкаларининг кескин тебранишларининг олдини олиш, уларнинг ўрнатилаётган фоиз коридори доирасида ёки асосий фоиз ставкасига яқин даражада шаклланишини таъминлаш мақсадида Марказий банк томонидан қуйидаги пул-кредит операцияларидан (инструментларидан*) фойдаланилади:
- доимий тусдаги 1 кунлик (“овернайт”) валютавий СВОП ва РЕПО операциялари, ўзгармас фоиз ставкада тақдим этилади ҳамда фоиз коридорининг юқори чегарасини (асосий ставка + 1 фоиз банд) белгилаб беради;
- доимий тусдаги 1 кунлик (“овернайт”) депозит операциялари, ўзгармас фоиз ставкада тақдим этилади ва фоиз коридорининг қуйи чегарасини (асосий ставка - 1 фоиз банд) белгилаб беради;
- 2 ҳафтагача муддатга эга бўлган валютавий СВОП, РЕПО ва депозит аукционлари, улар бўйича фоиз ставкалар Марказий банкнинг асосий ставкасига яқин даражада шаклланади;
- банк тизимидаги ликвидликнинг таркибий профицитини тартибга солиш ҳамда тижорат банкларига ликвидлик бериш операциялари бўйича гаров таъминоти базасини шакллантириш мақсадида қисқа муддатли (уч ва олти ойлик) Марказий банк облигацияларини муомалага чиқариш ҳамда аукцион савдолари орқали тижорат банкларига жойлаштириш режалаштирилган.
Марказий банк томонидан валютавий СВОП, РЕПО ва депозит аукционларини ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда расмий веб-саҳифада олдиндан эълон қилиб борилади.
LiveБарчаси