Мариуполдаги бинодан 200 та жасад топилди
Олам
−
25 Май 2022
14480Украинанинг Мариуполь шаҳрида Россиянинг ракета ҳужумига учраган турар-жой биноси вайроналари остидан 200 кишининг жасади топилди. "Euronews"нинг ёзишича, бино атрофида бадбўй ҳид тарала бошлагач, у ерда қазиш ишлари олиб борилган ва чиришни бошлаган жасадлар топилган.
Жасадлар қачон топилгани ҳақида маълумот берилмаган бўлса-да, воқеа русларнинг шу кунгача қилган энг қонли ҳужумларидан бири сифатида тарихга кириши қайд этилган.
Россия босиб олишни мақсад қилган Азов денгизи соҳилида ва Донбас вилоятининг жанубида жойлашган Мариуполь тахминан уч ойдан бери Россия қамалида эди. Кучли бомбардимон натижасида вайрон бўлган шахар, ўтган ҳафта пўлат заводида қаршилик кўрсатган Украиналик аскарларнинг таслим бўлиши ортидан руслар томонидан эгаллаб олинган эди.
Мариуполнинг қулаши билан Украина Азов денгизидан узилди.
Урушдан олдин тахминан 450 минг аҳолига эга шаҳарда қамал вақтида 100 минг киши қолиб кетган. Улар жуда оз озиқ-овқат, сув, иссиқлик ва электр қуввати билан омон қолишга ҳаракат қилган.
Украина ҳокимият органлари қамал пайтида 21 минг одам ҳалок бўлганини маълум қилиб, Россияни ўликларини куйдириш учун кўчма кремация машиналарини олиб келганликда ёки уларнинг жиноятларини яшириш мақсадида уларни оммавий қабрларга кўмишда айбламоқда.
Мариуполга ҳужумнинг дастлабки даврида Россия ракеталари бир марта туғруқхонага, бошқа сафар эса шаҳар театрини нишонга олганди. Украина расмий органлари тинч аҳоли бошпана олаётган театрга уюштирилган ҳужумда камида 300 кишининг ҳаётдан кўз юмганини билдирар экан, бу рақам икки баробар кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Севинч Тўхтабоева
LiveБарчаси