Марҳум Алимовдан “Толибон” раҳбаригача: Энг нуфузли мусулмонлар рўйхати эълон қилинди
Олам
−
19 Октябрь 2021
13781Иордания пойтахти Аммандаги Қироллик стратегик тадқиқотлар маркази дунёнинг 2022 йилги TOP-500 мусулмонлар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда марказ сайтида хабар берилган.
Маълум бўлишича, рўйхатда Ўзбекистондан бир одам жой олган. Бу ҳам бўлса мамлакатнинг собиқ муфтийси, марҳум Усмонхон Алимовдир (141-ўрин). Бундан ташқари, Қироллик маркази ҳисоботида Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этган мусулмон атлетлар қаторида ўзбекистонлик бир қатор спортчилар исми ҳам тилга олинган.
Ушбу рўйхатда йил аёли сифатида Самия Хасан Сулуху қайд этилган. У жорий йилнинг март ойида Танзания Президентига айланди. Шу тариқа мамлакат илк бор аёл сиёсатчи бошқарувига ўтди.
Туркиялик шифокор Угур Шахин ушбу рўйхатда йил эркаги сифатида қайд этилган. У BioNTech биотехнологик компанияси асосчиси ва бош директори ҳисобланади. Ушбу компания Pfizer билан ҳамкорликда жорий йилнинг июлидан бери коронавирусга қарши 1 миллиарддан ортиқ вакцина ишлаб чиқарган.
Бу йил рўйхатда биринчи ўринни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Соний эгаллади. Ундан кейин Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз (2-ўрин) ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий (3-ўрин) қайд этилди.
Мусулмон оламининг энг нуфузли шахслари орасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған (4-ўрин), Иордания қироли Абдулла II ибн Ҳусайн ал-Ҳошимий (5-ўрин) ва таниқли исломшунос Шайх Муҳаммад Тақи Усмоний (6-ўрин) бор.
Шунингдек, Марокаш қироли Муҳаммад VI 7-ўрин, Покистон Бош вазири Имрон Хон 10-ўрин, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 15-ўрин, Англиянинг “Ливерпуль” клубининг мисрлик футболчиси Муҳаммад Салоҳ 42-ўрин, “Толибон” гуруҳининг олиш раҳбари Ҳайбатулло Охундзода 50-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, таниқли спортчи Ҳабиб Нурмуҳаммедов, футболчи Садио Мане ҳамда британиялик қўшиқчи Сами Юсуф ҳам рўйхатдан ўрин олган.
Рўйхатга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Ўзбекистон муфтийси Усмон Алимов ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхати 2009 йилдан бери ҳар йили эълон қилинади.
LiveБарчаси