Мансабдор меҳмонхонада кўрсатган томошаси учун “учди”

Жамият 42217
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида бугун, 27 сентябрь куни ўтаётган йиғилишда “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Наманган вилоятига хизмат сафари пайтида меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Б. Отамуродов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал  “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Б.Атамурадовнинг мамлакатдаги меҳмонхоналардан бирида жанжал чиқариб, ходимларни ҳақоратлаган, уларга буюм улоқтиргани акс этган видео тарқалганди. 

Маълумот учун, Президентнинг 2020 йил 3 ноябрдаги ПҚ-4878-сон қарорига мувофиқ Бахтиёр Отамуродов Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари – “Ўзбекчорванасл” агентлиги бош директори лавозимида иш бошлаган. Бунгача у акциядорлик тижорат “Халқ банки” бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1948
Рейтинг: 3
t
×