Манчини Италия термасидан кетадими?
Спорт
−
25 Март 2022
3430Футбол бўйича Италия терма жамоаси жорий йилнинг кузида Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралашининг плей-офф босқичи, ярим финалида Шимолий Македонияга 0-1 ҳисобида мағлубиятга учради ва кетма-кет иккинчи бор мундиални ўтказиб юборадиган бўлди.
Ушбу мағлубиятдан сўнг, Италия футбол федерацияси президенти Габриэле Гравинанинг “Football Italia” нашрига маълум қилишича, терма жамоа устози Роберто Манчини вазифасидан озод қилинмайди. У ҳали ҳамон терма жамоадаги лойиҳаларнинг муҳим бўлаги ҳисобланади.
“Ушбу мағлубиятдан сўнг, биринчи навбатда мухлисларимиздан кечирим сўрамоқчиман. Ёзда бошимиздан кечирган катта хурсандчилигимиз [ Италия Европа чемпионлигини қўлга киритган эди] йўқолгани йўқ. Аммо бу мағлубиятдан жаҳлимиз чиққани ҳам рост. Биз буни кутмаган эдик. Энди буёғига нима қилиш кераклигини тушунишимиз, масалан, ёш футболчиларимизга ўзини кўрсатиши учун кўпроқ имконият яратиб беришимиз керак. Умид қиламанки, Манчини қолади. У биз билан бирга ва ҳали ҳамон Италия терма жамоаси лойиҳасининг муҳим бўлагидир. У ҳам барча италияликлар каби ушбу қийин дамлардан чиқиб кета олади. Умид қиламанки, у жамоамизнинг бош муарббийи сифатида ишлашда давом этади”, деган Габриэле Гравина.
Маълумот ўрнида, 2021 йилда ўтказилган Европа чемпионати финалида Италия терма жамоаси Англияни мағлуб этиб, Европада тенгсиз бўлган эди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси