“Манчестер Юнайтед”нинг жинсий зўравонликда айбланаётган аъзоси вақтинча озодликка чиқарилди
Спорт
−
19 Октябрь 2022
8536"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси, собиқ севгилисини зўрлашда айбланаётган Мейсон Гринвуд жорий йилнинг 21 ноябригача озодликка чиқарилди. Бу ҳақда "Sky Sports" нашри хабар берди.
Футболчи жорий йилнинг 30 январида полиция томонидан қўлга олинганди. Англия терма жамоаси вингери ўзининг севгилиси, модель Гарриет Робсонга жинсий зўравонлик қилганликда гумон қилинмоқда. Олдинроқ,"МЮ" раҳбарияти футболчини машғулотлардан четлатганди.
Гринвуднинг 17 октябрь куни гаров пули билан боғлиқ қоидаларни бузганлиги маълум бўлди. Бироқ, адвокатлар ёрдами билан Мейсон вақтинча озодликка чиқарилди. Ёпиқ суд мажлиси қарорига кўра, футболчи 21 ноябргача озодликда бўлади, аммо у ўз суд иши бўйича гувоҳлар билан боғлана олмайди. Шунингдек, Гринвуд Боудендаги уй манзилида яшаши шарт.
Январь ойида Робсон ижтимоий тармоққа 21 ёшли футболчи томонидан калтаклангани, шунингдек, жинсий алоқа қилишга мажбурлангани акс этган сурат ва аудиоёзувларни жойлаштирганди. Бироз вақт ўтгач, модель сурат ва аудиоларни тармоқдан ўчириб ташлади. Суриштирув натижаларидан сўнг маълум бўлишича, суратда акс этган ҳолатлар 2018 ва 2021 йилларда содир этилган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Британия матбуоти Мейсон Гринвудни 10 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Шахзод Шукуров
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь