“Манчестер Юнайтед”ни бошқаришга даъвогар мураббийлар рўйхати тузилди
Спорт
−
11 Февраль 2022
3725“Манчестер Юнайтед”нинг мураббийлик постига асосий даъвогарлар маълум
“Манчестер Юнайтед” жамоасининг инқирозли ҳолати ҳеч тугамаяпти, бир қарашда ажойиб йигитлар ва қойилмақом жамоадек туйилади-ю лекин клуб барқарор ва жамоавий футболни яхши йўлга қўя олмаяпти. Шунинг учун, “қизил иблислар” мухлислар кутганидек чемпионлик учун курашадиган жамоага айланолмаяпти. Германиялик мутахассис Ральф Рангник ҳам кутилган ишончни оқлаганича йўқ.
“Манчестер”нинг ишлари Оле Гуннар Сульшер истеъфога кетганидан сўнг ҳам юришиб кетмади. “Қизил иблислар” АПЛнинг 24-тури доирасида “Бернли”нинг қаршилигини синдира олмади. Ундан олдин, “Мидлсбро”га мағлуб бўлиб, Англия кубигидан ҳам учиб кетган эди.
Ричард Арнольд бошчилигидаги раҳбариятнинг “қизил иблислар” қайд этаётган натижаларидан ҳафсаласи пир бўлмоқда. Шу сабаб, раҳбарият янги мураббий олиб келишни кун тартибига қўйган.
Клуб раҳбарияти мураббийлик постига келиши мумкин бўлган, бир нечта мутахассис номзодини ўрганмоқда. Аммо “манкунианлар” шорт-листининг бошида ПСЖ устози Маурисио Почеттино ва “Аякс” бош мураббийи Эрик Тен Хаг турибди.
Парижликлар анчадан буён ПСЖ бошқарувига Зиданни олиб келиш ҳақида ўйламоқда. Қолаверса, Маурисионинг ПСЖ юлдузлари билан муносабатини жуда илиқ деб бўлмайди. Шунинг учун “Манчестер Юнайтед”га аргентиналик мутахассиснинг бошчилик қилиши эҳтимоли юқори. Эрик Тен Хаг “Аякс”ни бир нечта мавсумдан буён муваффақияти бошқариб келмоқда. Футбол жамоатчилиги анчадан буён унинг катта клубларда кўриниш бериши мумкинлиги ҳақида ёзиб келади. Эндиликда Тен Хагнинг ўзи ҳам янги чорловлар ҳақида ўйлаб кўрар. Бунисини вақт кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Юнайтед” Англия Премьер лигасида 23 та учрашувда 39 очко жамғарган ҳолда, жадвалнинг 5-поғонасида бормоқда. Агар, “қизил иблислар” шу руҳда давом этадиган бўлса, Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиши мумкин.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15