Манба: Неймар ва Мбаппенинг ўртасига совуқчилик тушди

Спорт 2266
image

Килиан Мбаппе ва Неймар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган, бу эса бразилияликнинг ПСЖдан кетишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Франциянинг энг нуфузли нашрларидан бири “L'Equipe” хабар берди.

Манбага кўра, бир пайтлар бу икки футболчи ўртасида яхши дўстлик муносабатлари мавжуд бўлган. Бироқ ҳозирги кунда Неймар ва Мбаппенинг бир-бирига муносабати кескин ёмонлашган. Франциялик иқтидорли футболчи бразилиялик ҳамкасбини шахсий суҳбатлардан бирида масхара қилган. Табиий-ки, бу ҳолат Неймарга маъқул келмаган.

Қайд этиш жоизки, ПСЖ клуби раҳбариятига Неймарга олдингидек муносабатда эмас. Сабаби 30 ёшли футболчи аввалги салоҳиятини анча йўқотган ва Париж жамоасини олдинга бошлашнинг уддасидан чиқмаяпти. ПСЖ раҳбариятининг Неймардан қутулиш пайига тушиб қолгани футбол жамоатчилигига анчадан буён маълум эди. Эндликда Килиан Мбаппе ҳам Неймарнинг кетишини хоҳламоқда.

Неймарнинг ўзи ҳам ПСЖ билан бахтли эмас, аммо Парижда унга ойига 4 миллион евролик маош белгиланган. Албатта, бунчалик катта иш ҳаққини дунёнинг бошқа исталган клуби тўлай олмайди. Бу эса бразилияликни ПСЖда ушлаб турган ягона куч ҳисобланади. Неймар араб шайхларининг ҳисобсиз миллионларидан воз кечишни истамаса, Мбаппенинг соясига ўтишга мажбур.

Маълумот ўрнида, жорий мавсумда Неймар ПСЖ таркибида 28 ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди. “Тransfermarkt” портали бразилиялик иқтидор эгасини 90 миллион еврога баҳоламоқда.

 

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 2.9
t
×