Мана, сизга реестрга ихтиёрий равишда киришнинг аҳволи
Таҳлил
−
21 Ноябрь 2019
6932Бугун Вазирлар Маҳкамасининг икки ҳафталик муддатга (6 ноябрдан 21 ноябргача) муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги базасида “Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри” ID-9873 қарори лойиҳаси муҳокамаси якунланди.
Бир қарашда, ҳужжат фақат почта ва курьерлик жўнатмалари соҳаси вакилларига тегишлидек туюлади. Аммо агар диққат билан қаралса, реестрга кириш масаласи шахсий фойдаланиш учун товарларни олиб киришдаги бож олинмайдиган имтиёзларга бориб тақалади, улардан – эътибор қилинг – фақат Ягона реестрга киритилган почта ва курьерлик компаниялари мижозларигина фойдалана олишади. Иқтибос келтирамиз: “Ўзбекистон Республикасига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали кириб келаётган товарлар учун божхона тўловлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар фақат Ягона реестрга киритилган оператор ва провайдерларга қўлланилади”.
Мана, сизга реестрга ихтиёрий равишда киришнинг аҳволи: агар кирмасангиз, бозорнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан рақобатдош бўлолмайдиган ҳолатга тушишингиз табиий. Тадбиркор учун муносиб танлов имкониятидан асар ҳам йўқ. Бундай вазиятда “ихтиёрий асосда” жумласидан қарорнинг лойиҳасида фойдаланиш қанчалик тўғри ва ўринли, деб ўйлайсиз?
Умуман олганда, Ягона реестрни яратиш борасида гап кетганда, унинг бозорни ривожлантириш ва шаффофлигини сақлаш учун аниқ афзалликларини ҳам тилга олиш зарур. Реестр яратишнинг асосий моҳияти тушунарли – почта ва курьерлик хизматлари соҳасини мониторинг қилиш ва тартибга солиш. Ушбу соҳа ҳозирги кунга қадар асосан тўсиқлар, текширувлар ва бошқа чеклаш чораларини жорий этиш орқали тартибга солиниб келинар, бундай чоралар оқибати эса операторлар ва провайдерлар эмас, балки тўғридан-тўғри мазкур компанияларнинг хизматларини олувчи бўлганлар, яъни аҳолида ўзининг салбий аксини топаётган эди.
Ҳужжат лойиҳасининг кириш қисмида таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳолига белгиланган нархларда универсал ижтимоий хизматларни кўрсатувчи "Ўзбекистон почтаси" ОАЖдан ташқари 200 га яқин хусусий тадбиркорлик субъектлари почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш фаолияти билан шуғулланмоқда.
Ушбу хусусий компанияларнинг миллий операторга нисбатан устунликлари - мобиллик, тезкорлик, мослашувчанлик ва "остонадан остонагача" хизмати кабилардир. Аммо божхона қўмитаси ва унинг алоҳида хизматлари, ушбу компаниялар орасида божсиз имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида тижорат юкларини "шахсий фойдаланиш учун товарлар" ниқоби остида олиб кирадиган муайян ҳуқуқбузарлар бор эканини бир неча бор таъкидлашган. Одатда, бундай компаниялар узоқ вақт бозорда қолмайдилар, аммо фаол ва мунтазам равишда кўпаймоқдалар. Ягона реестр эса, шубҳасиз, бундай компаниялар ва уларнинг ҳаракатларини кузатиб бориш имконини беради.
Қарор лойиҳасида келтирилган Ягона реестрга кириш шартлари таърифланган яна иккита қизиқ бандга эътибор бермасликнинг иложиси йўқ.
Биринчиси – почта ва курьерлик жўнатмаларини почта хавфсизлигини таъминлаш мақсадида текшириш учун техник воситаларнинг мавжуд бўлиши. Бу борада мунозарага ўрин йўқ, албатта. Агар компания бундай талабларга жавоб бермаса, у почта ва курьерлик хизматлари бозорида шунчаки фаолият юрита олмайди, ахир кундалик жўнатмалар орасида таъқиқланган моддалар ёки биологик қуролларни ўз ичига олган посилкалар ҳам бўлиши ақл бовар қилмас ҳолат экани тайин.
Аммо ишни яхши бошланган қарор лойиҳаси ишлаб чиқувчилари реестрга кириш доирасини тобора торайтирадиган яна бир нечта бандларни қўшишга қарор қилишган.
Масалан, барча провайдерлар, яъни курьерлик компанияларининг оператор билан шартномага эга бўлиши Ягона реестрга киришнинг мажбурий шартларидан бири қилиб белгилаб қўйилган (II боб, 7-банд), бугунги кунда “Ўзбекистон почтаси” - ягона почта оператори ҳисобланади.. Бу қандай шартнома ва у курьерлик компанияларига ресстрга киришдан ташқари яна нима бериши ҳужжатда тушунтирилмаган. Эҳтимол, бирорта айтарли сабаблар ҳам бордир, аммо ҳозирда бу миллий операторнинг шунчаки давлат томонидан қўллаб-қувватланишидан бошқа ҳолатга ўхшамайди.
Гап шундаки, бугунги кунда курьерлик компанияларининг почта алоқаси оператори билан шартнома тузишига ҳожат йўқ, чунки ушбу компаниялар юкларни мустақил ва тезкор равишда “остонагача” етказиб беришади. Шунинг учун, курьерлик компаниялари, одатда, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган шартномаларни фақат авиакомпаниялар билан тузадилар, бу эса ўз самолётларига эга бўлмаган ҳолда мижозларга юкларни чет элдан етказиб беришни таъминлайди. Шунингдек, халқаро курьерлик жўнатмаларини алмашиш жойлари билан ҳам шартномалар тузадилар, бу ерда мамлакатга олиб кирилаётган юклар мажбурий божхона кўригидан ўтказилиб, рўйхатга олинади. Яъни, божхона текширувларининг тўлиқ циклини ўтказиш учун моддий ёки техник шарт-шароитларни ўзинг яратасан ёки ушбу шароитлар яратилган жойга мурожаат этасан. Бугунги кунда ХКЖни текширувдан ўтказишга мўлжалланган учта техник жиҳозланган жой мавжуд бўлиб (Шимолий вокзалдаги божхона назорати постлари, халқаро аеропортдаги постлар, шунингдек, халқаро аеропорт яқинидаги СТР-почта ҳудудида жойлашган “Бошпочта” пости), курьерлик компаниялари улар билан шартнома асосида ҳамкорлик қилишади.
Шу сабабли, провайдерлик компаниялари вакиллари агар компанияларнинг ўзларида бундай шартномани тузишга эҳтиёж бўлмаса, почта алоқаси провайдери билан мажбурий шартноманинг бўлиши тўғрисидаги моддани Ягона реестрга киритиш шартларидан олиб ташлаш керак, деб ҳисоблайдилар.
Энг асосийси, “Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри”га кириш компанияларнинг божхона имтиёзларига бўлган ҳуқуқларини белгилаб берадиган бўлса, ушбу реестрга киритиш жараёнини ҳар томонлама шаффофлигини таъминлаш, ҳар қанака коррупцион таркиб ва идоралар томонидан ҳар қандай манипуляция қилиш имкониятларини бартараф этилишини таъминлаши даркор.
LiveБарчаси