Малида қирғин. 132 киши жангарилар томонидан ўлдирилди
Олам
−
22 Июнь 2022
6924Малининг марказидаги Мопти ҳудудидаги бир қатор аҳоли пунктларига қуролли ҳужумлар уюштирилди. Оқибатда 132 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда кеча, 21 июнь куни Ғарбий Африка Республикаси расмийлари хабар берган.
Қайд этилишича, ҳужумни содир этишда “Ал-Қоида”га алоқадор “Катиба Масина” террорчилик гуруҳи айбланмоқда ва ҳодиса “қирғин” деб таърифланмоқда.
Маҳаллий ҳукумат аъзоларидан бирига кўра, ҳужумчилар ўнлаб одамларни ўлдиришдан ташқари, уларнинг кулбаларини ёқиб юборган ва чорва молларини ўғирлаган.
“Radio France Internationale” нашри хабарига кўра, 100 та мотоциклда келган жангарилар Мали армияси ва Россиянинг хусусий ҳарбий компанияларини қўллаб-қувватлаганликлари учун қишлоқ аҳолисидан қасос олишга киришган.
Брюссель воқеа муносабати билан Африка мамлакати халқига ҳамдардлик билдирган. Европа ташқи ҳаракатлар хизмати баёнотида айтилишича, Европа Иттифоқи “Мали ва Саҳелдаги тинч аҳолига нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқбузарликлар кўламидан хавотирда”. ЕИ мазкур ва аввалги қотиллик ҳолатларига ойдинлик киритишга, шунингдек айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Малидаги барқарорликни сақлаш бўйича тинчликпарвар миссияси (MINUSMA) аллақачон жангариларни қидиришга ёрдам бериш ниятини билдирган. Миссия вакили бу фожиани халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атаган. MINUSMA аъзолари маҳаллий ҳокимият органларига ярадорларни эвакуация қилиш ва уларга ғамхўрлик қилишда ёрдам беради.
LiveБарчаси