Мактаблар машғулоти онлайнга ўтсинми ё офлайн маъқулми? Сўз ўқитувчиларга

Таҳлил

image

Айни кунларда кўпчиликнинг мунозара марказида ўқувчи-болаларнинг мактаб бағрига қайтиш ё тиббий хавфсизлик мақсадларида дарсларни онлайн шаклда давом эттириш ҳақидаги масала долзарб бўлиб турибди. Пандемия барча соҳалар қатори таълим йўналиши мутахассисларининг иш фаолиятини тубдан ўзгаришларга олиб келди. QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Эфирга берилаётган онлайн дарслар ўқувчилардан ташқари, барча ўқитувчилар учун ҳам мастер-класс бўлмоқда. Мактабда ўтирган ўқитувчиларни дарс бериш жараёни билан онлайнда дарс берадиган ўқитувчининг анча фарқи бор. Уни тан олишимиз ҳам керак. 25 йил пахта терган, кўча супурган ўқитувчилар ҳаммасидан озод этилди. Эндиликда улар ҳам касбига қайтмоқда. Улар ҳам кимдандир ўрганиши керак-ку. Болалар ҳам қайсидур дарсларни мактабда тушунмаса, уйда қайтадан онлайн дарсларда кўриши мумкин. Барча ривожланган давлатларда ҳам онлайн таълим телеканаллари бор”, деган. Бу теле-таълим платформасида олиб борилаётган машғулотларга нисбатан билдирилган фикр эди. Ҳақиқатан ҳам, телевизион дарс машғулотлари мактаб ўқитувчилари учун ўзига яраша тажриба алмашиш майдони сифатида ҳам ўз самарасини берди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони: ўқувчилар ҳам ўз ўқитувчисининг фанга доир билим даражасини аниқлаш имконига эга бўлишди. 

Умуман олганда, телевизион таълим шакли баъзи хориж давлатлари тажрибасида яқин беш йилларда йўлга қўйилган эди. Бугунги кунга келиб, таълимнинг бу шакли ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон шароитида таълимнинг телевизион машғулотлар шакли аҳоли учун онлайн-таълимнинг бошқа шакллари, аниқроғи интернет платформаларидаги таълим шаклларига қараганда қулай вариант бўлиб қолмоқда.

Таълим соҳасида масофадан ишлаш шакли кейинги 3 ой ичида техник ва технологик жиҳатдан кескин такомиллашганини сезиш қийин эмас. Олий таълим муассасасининг ўқитувчиси сифатида шуни айтишим мумкинки, университет модуль платформаси, Telegram тармоғи, ZOOM платформаси талабаларга дарс машғулотларини ўз вақтида етказишда, уй вазифаларни қабул қилиш, имтиҳон ва назорат ишларини ўтказишда, ҳатто битирувчи талабаларнинг диплом ҳимоясида ўз самарасини кўрсатди. Лекин ушбу платформаларнинг ўзига яраша камчилик ва нуқсонлари йўқ эмас. Масалан, Telegram тармоғида барча турдаги ва форматдаги ҳужжатларни узатиш ва жойлаштириш мумкин. Интерактивлик борасида ҳам бу тармоқ аҳамиятлидир. Мактаб ўқитувчилари айнан шу тармоқда фанлар доирасида гуруҳлар тузиб, масофадан иш олиб бордилар. Ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажариши ҳам тармоқ орқали текшириб борилди (ўқувчилар бажарилган уй вазифаларини суратга олиб гуруҳга ёки ўқитувчининг шахсан ўзига юбориб туришди). Аммо ҳамманинг ҳам бунга имконияти бўлдими? Чунки бу жараён техник (камида, андроид версияли қўл телефони), технологик (мобил алоқа, Wi-Fi) воситасиз амалга ошмайди.

ZOOM платформаси – видео-машғулотлар, таълимнинг бу шаклига “хозир ва шу ерда”, деб таъриф берса бўлади. Платформанинг бошқа тармоқлардан қулайлиги “кўз-кўзга тушиб”, тингловчи ва маърузачи ўртасида виртуал бўлсада алоқани ўрната олиш имкониятидир. Ўқитувчи маъруза давомида экранда тақдимотлар, видео-кейслар, жадвал ва суратларни намойиш этиши, интерактив мулоқот ўрнатиши мумкин. Бундан ташқари, шу вақтнинг ўзида ЧАТ орқали ёзишмали мулоқот олиб бориш, ҳаволалар юбориш имкониятлари мавжуд. Аммо бу платформа ҳам ўзига яраша камчиликлардан холи эмас: техникага бутунлай боғлиқ жараён. Интернет ва электр токи узлуксиз ишлаши лозим. Ушбу платформада тўловсиз 40 дақиқалик алоқа имконияти яратилган. Лекин машғулот давомида вақтга қараб туриш, маъруза ёки дарс жараёнини роппа-роса 40 дақиқага “сиғдириш” керак. Акс ҳолда, машғулот белгиланган вақтда бутунлай ўчади. Қайта уланиш учун бироз вақтни талаб қилади. Аудиторияни яна йиғиб олиш эса ўқитувчининг муаммосига айланади.

Юқорида санаб ўтилган платформалар фаолиятини кузатганимизда шунга амин бўлдикки, уларнинг камчилиги техник ва технологик унсурларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дастурчилар олдида ҳал этилиши зарур бўлган долзарб масала кўндаланг турибди. Бунинг учун эса таълим йўналишида фаолият олиб бораётган вазирликлар, идораларни коммуникация алоқа воситалари, IT мутахассислари билан таъминлаш, шу йўналишда фаолият юритувчи кичик бир армия (бўлим, бошқарма, идора зиммасидан юқори ва имконияти, ваколати, мажбурияти кенг) ташкил этилишини вақт тақазо этмоқда. 

Дарслар офлайн бўлса агар...   

Республика миқёсида Халқ таълими вазирлиги сайтидан олинган маълумотга қараганда, айни пайтда 9942та мактаб мавжуд, шундан 7233 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Ўқувчиларнинг умумий сони 6119440 нафарни ташкил этмоқда (2020-2021 ўқув йилида биринчи синфга қабул қилинаётганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган). 

Болалар соғлигига зарар етказиши мумкин деб топилган хлор пурковчи тоннеллар мактабларга ўрнатилмаслиги; битта синфда бир вақтнинг ўзида 3 нафар ўқувчида вирус аниқланса, фақат шу синф карантинга олиниши, яъни масофали ўқиш шаклига ўтиши; дарслар вақтини 40 минутдан 30 минутга қисқартириш; форма мажбуриятига барҳам бериш каби таклиф-мулоҳазалар тегишли вазирликнинг долзарб муҳокамасига қўйилди. 

Дарслар қай шаклда давом этсин онлайн ёки офлайн - ким нима дейди?

Наргис Қосимова, ЎзДЖТУ доценти, халқаро миқёсдаги тренер:

— Жорий йилнинг март ойидан бери университет миқёсида ҳам, тренерлик фаолиятим доирасида ҳам машғулотларни фақат онлайн шаклда олиб бормоқдаман. Ҳудудларда интернет тезлиги жуда паст. Ёз фасли давомида ҳам бир қатор тренинглар ўтдим. Ҳаммаси онлайн шаклда. Тингловчилар билан ZOOM платформасида машғулот ўтяпмиз. Яна қўшимча равишда telegram каналидан ҳам фойдаланяпман. Интерактивлик ва имконият даражасида шу икки канал қулай бўлиб турибди. Лекин жараён техникага бутунлай боғланиб қолди. Чунки Тошкентда яшасам ҳам тренингларим давомида интернетда узилишлар бўлиб, машғулотлар сифатига ёмон таъсир қилди. Бундан ташқари, тингловчиларнинг жойлардан алоқага чиқиши ҳам техник нуқсонларсиз ўтмади. Баъзи тингловчилар интернетдаги узвийликка халақит бермаслиги учун ўз микрофони ва видеосини ўчириб қўйишига тўғри келди. Тренинглар эса халқаро миқёсда бўлгани сабабли унда хорижлик мутахассислар ҳам экспертлик қилишди.

Мактаб дарслари масаласига келсак, ўтган давр мобайнида онлайн ва телевизион дарслар қанчалик самара беролгани ҳақида маълумотга эга эмасман. Лекин ижтимоий тармоқларда баъзи ўқитувчиларнинг билими-тажрибасининг пастлиги, ўз устида ишламаслиги оқибатида кўпчиликка изза бўлганидан хабардорман. Уларни ўқувсизликда айблашни истамаган бўлардим, ўқитувчининг ўз устида ишлаши кўпроқ шахсий маънавий тарбиясига боғлиқ масала. Бунинг устига, мактабдаги ортиқча ҳужжатбозлик, ҳисоботчилик каби ишлар ўқитувчининг ўз устида ишлашига имконият бермайдиган бир иллатга айлангани сир эмас. 

Айни пайтдаги вазиятни ҳисобга олиб, хавфсизлик нуқтаи-назаридан мактаб дарслари онлайн шаклда бўлгани маъқул деб ўйлайман.  

Шаҳло Абдуаҳадова, Жиззах:

— Фақат онлайн! Айни қалтис вазиятда бошқача таълим шаклига ўрин йўқ. Фарзандимнинг бетоб бўлишини истамайман.

Дилбар Ҳасанова, Тошкентдаги 37-махсус мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:

— Ота-оналар билан сўровнома ўтказганимда, аксарият оналар “болам зерикиб кетди, тезроқ мактаб бошланса-ю, кета қолса, шу пайтгача ўрганганлариям эсидан чиқа бошлади” деб арз қилишди. Лекин мактаб бола зериккани учун борадиган кўнгилочар маскан эмас! Мактаб - илм даргоҳи. Айнан ўзим ишлайдиган таълим маскани алоҳида эътиборга муҳтож болаларни ўзида жамлаган. Бундай болажонлар билан фақат етарли билим ва тажрибага эга мутахассис шуғулланиши лозим. Лекин, таълим-тарбия бериш кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ, деб ҳисоблайман. Чунки, ўқувчининг анъанавий дарсларда ўзлаштириши қандай бўлса, онлайн жараёнда ҳам шундайлигича қолади. Яъни дарс қилмайдиган бола таълимнинг ҳар қандай шаклида ҳам ўзлаштириш даражаси пастлигича қолаверади, токи бу жараёнга ота-она фаол жалб этилмас экан бу хол давом этаверади. 

Албатта, бола мактабда етарли билим олиш имкониятига эга бўлади. Лекин хозирги вазиятни ҳисобга олганда бу хатарли деб ўйлайман. Чунки шахсан мен учун боламнинг саломатлиги биринчи ўринда туради. 

Шаҳло Маҳмудова, Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг 1-тоифали ўқитувчиси:

— Пандемия ҳаммамизни бирма-бир синовдан ўтказмоқда. Дунё миқёсида таълимнинг турли шакллари такомиллашиб бораётган бир пайтда биз мактаб формаси масаласи устида бош қотираётган эдик. Мана, энди истаймизми буни ёки йўқ, машғулотларни онлайнга мослаштиришга мажбурмиз. Гарчи, техник жиҳатдан буни тўлиқ амалга оширишнинг имкони бўлмаса-да. Ўтган вақт мобайнида бўлиб ўтган онлайн дарс жараёнларимиз биз учун эксперимент тариқасида ўтди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам кундан кунга техникани фаол ўзлаштириб, янгидан янги технологияларда машғулотларни узатиш имкониятларини ўзимиз учун кашф қилдик. Лекин машғулотлар қанчалик юқори савияда бўлишига қарамай, жараён техникага боғлиқ бўлди. Свет ўчса, интернет ишламаса ҳаммаси тамом! Айниқса, интернет муаммоси жойларда долзарблашди. Бу борада телевизион дарслар анча самарали бўлди. Онлайн дарсларнинг афзаллиги – ўқувчини мустақил изланишга ўргатди, ота-онани жараёнга фаол жалб қилди (чунки кўпчилик ўқувчи-болаларда андроид версияли телефонлар йўқлиги сабаб, ота-онасининг мобил алоқа воситасидан фойдаланишига тўғри келди). Аммо, анъанавий машғулотларда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги бевосита мулоқотнинг таълим сифатига самараси юқорироқ деб ўйлайман. Ахир, айтадилар-ку, меҳр кўзда деб. Таълим ва тарбия масаласи жуда нозик мавзу. Бу икки жараён ўртасида кўз илғамас чегара мавжуд. Келинг, таълимни мактаб берсин, тарбияни эса ота-онанинг зиммасида қолдирайлик. Акс ҳолда, жамиятимизга “онлайн-машиналар” етказиб берамиз деган шубҳадаман. Шунинг учун ҳам барча эҳтиёт чораларни кўрган ҳолда мактаблар доимий фаолиятини бошлаши тарафдориман. 

Мунира Исомиддинова, 4 нафар фарзанднинг онаси, Тошкент шаҳри:

— Онлайн дарсларнинг самараси шунда бўлдики, таълимнинг бу шаклида ҳар бир ўқувчи берилган топшириқ ва вазифаларни бажариб, Кундалик.ком платформасига жойлаштириши шарт деб белгиланди. Берилган топшириқларни мунтазам бажариб бораётган ўқувчилар платформада кўриниб турди. Ўқитувчи бемалол бу жараённи олиб бориб, баҳолашда ҳам қийналмади. Ваҳоланки, анъанавий дарсларда ҳар бир ўқувчининг уй вазифасини текшириб, баҳолаб ва янги мавзуни ўтишига 40 дақиқалик дарс жараёнида ўқитувчининг имконияти бўлмасди. Фарзандларимнинг ҳаммаси мактаб ўқувчиси, уларнинг ҳар бири билан мунтазам шуғулланиб бордим. Онлайн машғулотлар жараёнида ўқитувчининг мажбуриятини фан доирасидаги фаолият билан чеклади, аксинча, ота-онанинг мажбурияти ортди. Яъни, ўқувчининг дарсни ўзлаштириш масъулияти ота-онага юкланди. 

Ўйлашимча, онлайн дарсларнинг афзал томонлари билан бирга камчиликлари ҳам бор. Масалан, боланинг оғзаки нутқини ривожлантиришга қаратилган таълим жараёнлари – шеър ёдлаш, ҳикояни ўқиб гапириб бериш, чет тилида бирор мавзуни оғзаки баён қилиш каби машғулотлар тури қисқарди. Келажакда мавжуд платформага видео ва аудио файлларни жойлаштириш дастурлари ҳам киритилади деган умиддаман. Чунки, қўшимча равишда очилган telegram каналидаги гуруҳларда ҳам иш қизғин кечди. Мобил алоқа воситалари фарзандларимиз учун машғулот қуролига айланди. Телеграм канал фанлар доирасида очилган гуруҳлар билан тўлиб кетди. Шунга яраша ахборот оқими ҳам кескин кучайди. Шеърни ёддан айтиб бериш машғулотлари видеофайлларда яратилди. Бу жараён ота-она кўмагисиз кечмайди. Видеога олиш жараёнининг ўзи қанча асаб ва вақтни олиши ҳақида айтмасам ҳам ота-оналарга маълум ҳолат. 

Шундан кўриниб турибдики, баъзи машғулотлар онлайнга мослаштирилса бўлади. Баъзи машғулотларни эса имкони йўқ. Онлайн машғулотларнинг яна бир муҳим негатив жиҳати – бола жамоат бўлиб ишлашдан йироқ бўлади. Тенгқурлари билан мулоқот боланинг ҳар томонлама ривожланишида катта аҳамиятга эга деб ўйлайман. Агар болаларимга қўйиб берсам, хозироқ мактабга отланади. Аммо уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, мен фақат онлайн ўқиш тарафдориман деб айта оламан.

Хулоса ҳақида мулоҳаза

Кўриб турибсизки, фикр-мулоаҳазалар турлича. Халқ таълими вазирлигининг олдида қийин, аммо зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган масала турганлигига амин бўлдик. Бу масаланинг ечими кўп жиҳатдан техник имкониятларимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда “томда машғулот ўтказаётган ўқитувчи”нинг видеоси техник имкониятларимизнинг талаб даражасида эмаслигига яққол мисол бўла олади. 

Ушбу мақолани тайёрлашда иштирок этган экспертларимиз (ўқитувчилар, ота-оналар)нинг юқорида келтирилган фикр-мулоҳазаларига таянган ҳолда онлайн дарсларнинг афзаллик ва камчиликларини аниқлашга уриниб кўрдик.

Онлайн шаклдаги дарсларнинг таълим сифатига ижобий таъсири борасида 4 та афзаллик жиҳати:

1.    Ўқувчи ва ўқитувчи уй шароитида вазифа, топшириқлар устида хотиржам ишлаш имкониятига эга бўлади.

2.    Ўқитувчи ўз устида ишлаш ва малакасини ошириш учун қўшимча вақт (ишхонагача йўл вақти, ортиқча мажлис ва йиғилишлар ҳисобидан)дан унумли фойдаланади.

3.    Ўқувчи ва ўқитувчи платформаларда ишлаш жараёнида мавжуд техник имкониятларни ўзлаштириб бориши, ахборот узатиш, уни қайта ишлаш, қабул қилиш борасидаги билимлари доирасини кенгайтиради. 

4. Ўқитувчи адио-, видео-машғулотларни тайёрлаш учун фан доирасида янги кейслардан фойдаланишни, замонавий тақдимотлар тайёрлашни, аудио, видео-техниканинг имкониятларини ўзлаштириб, бу борадаги билим ва тажрибасини мукаммаллаштиради.

Онлайн дарсларнинг 4 та асосий камчилиги:

1.    Интернет ёки электр токининг тўсатдан узилиб қолиши туфайли дарс жараёнининг мажбуран тўхтатилиши.

2.    Кун ёки туннинг исталган вақтида ўқитувчи ёки ўқувчининг дарсга киришиши. Яъни меъёрнинг йўқолиши, кун тартибига риоя қилмаслик.

3.    Онлайн дарслар алоҳида техник воситаларни тақазо этиши. Яъни, ўқувчи дарсларини ота-онасининг телефони ёки компьютерида бажаришга мажбурлиги, ўқитувчи шу каби техник воситалар (модем, Wi-Fi)га эга бўлиши лозим.

4.    Оғзаки нутқни ривожлантиришга йўналтирилган машғулотларнинг имконияти чекланиши. Яъни, бу жараёнда ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида жонли мулоқот муҳим аҳамиятга эга. Аммо техника фақат виртуал мулоқот ўрнатишга қодир.

Касбим тақазоси билан имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига борганимда бир ҳолатни кузатган эдим: мия фалажи туфайли оёқлари юрмайдиган бир болакайни (8-9 ёшларда) мактаб остонасига етиб келиши билан отасининг қўлларидан тушиб, деярли эмаклаганича синф хонасига кириб кетаётганининг гувоҳи бўлганим ёдимга тушди. Гарчи, шу бола каби имконияти чекланган ўқувчиларнинг уйларига бориб машғулот ўтказиш ишлари йўлга қўйилган бўлса-да, болаларнинг кўпчилиги ўқитувчиси, тенгқурлари билан жонли мулоқотни танлайди.  

Боланинг интеллектуал ривожланишида тенгқурлари билан биргаликда дарс жараёнида иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Онлайн дарслар шу муҳим поғонани таълим соҳасидан йироқлаштириб юбориш хавфи бор. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати: онлайн дарсларнинг бола психологияси ва жисмоний саломатлигига таъсири ҳақидаги мавзу алоҳида назарий даражадаги тадқиқотларни тақазо этади. Шундагина тўлиқ ишонч билан онлайн ёки офлайн таълим шаклини ёқлаш имконияти бўлади.

Карантин чекловлари тугатилгани билан хавфли касаллик чекингани йўқ. Бу кетишда мактаблар икки турга бўлинади: онлайн ва офлайн. Олдимизда катта савол турибди: нима қилмоқ керак? Бу масаланинг ижобий ечимини тез кунларда тегишли идора ва вазирликлар беради, деган умиддамиз. 

P.S.: Ушбу материал тўлиқ онлайн тарзда тайёрланиб, экспертларнинг фикри Telegram канали орқали олинди.

Муҳайё Саидова, журналист


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made