Макрон ва Тўқаев. Хакерлар Президентларнинг телефон суҳбатларини тинглаган бўлиши мумкин

Олам 3151
image

Бир неча юқори мартабали сиёсатчилар, жумладан Президентлар, Бош вазирлар ва ҳаттоки бир подшоҳ Исроилнинг “Pegasus” номли шпион дастурининг нишонига айланди ва хакерлар уларнинг телефон суҳбатларини йиллар давомида эшитиб келган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси хабар бермоқда.

Журналистлар “Pegasus” дастури ёрдамида Франция Президенти Эммануэль Макроннинг қўл телефони доимий кузатувда бўлгани ва суҳбатлар тингланганини аниқлаган. Хабарга кўра, худди шу каби Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қўл телефони ҳам хакерлар ҳужумига учраган. 

Журналистлар “Pegasus” дастурининг қурбони бўлган сиёсатчилар ва ижтимоий фаолларнинг рўйхатини шакллантирган. Улар орасида Ироқ Президенти Барҳам Солиҳ, Жанубий Африка Республикаси Президенти Кирил Рамафоса, Покистон Бош вазири Имрон Хон, Миср Бош вазири Мустафо Мадбули, Марокаш Бош вазири Саададдин Османи ва Марокаш қироли Муҳаммад VI бор.

Қайд этилишича, рўйхатда 34 мамлакатдан 600 дан ортиқ ҳукумат амалдорлари ва сиёсатчиларнинг телефон рақамлари мавжуд.

Жорий йилнинг 19 июли куни дунёнинг бир қатор давлатлари махфий хизматлари “Pegasus” дастурини мухолифатчилар ва фаолларга жосуслик қилиш мақсадида сотиб олгани маълум бўлди. 

Шунингдек, хорижий разведка хизматлари ушбу дастур ёрдамида Франция Президенти Эммануэль Макрон, мамлакат Бош вазири Эдуард Филипп ва ўн тўрт вазирнинг телефонларини тинглаган бўлиши мумкин. Ўз навбатида, Исроилнинг “NSO Group” дастурий таъминот компанияси жосуслик айбловларини рад этиб, дастурнинг террорчиларга қарши курашга мўлжаллангани тўғрисида баёнот билан чиққан. Қайд этиш керакки, Франиця Президенти юқоридаги ҳолат юзасида тергов ишларини буюрган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 3
t
×