Макрон Украина масаласини гаплашиб олиш учун Москвага келди. Учрашувдан Кремль катта натижа кутмаяпти

Олам

image

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон бугун, 7 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан Украина масаласида мулоқот қилиш учун Москвага етиб келди. Аэропортдан Президент Макрон тўғри Путиннинг саройига йўл олди. 

Франция Сенатининг ташқи ишлар, мудофаа ва қуролли кучлар комиссияси раҳбари Кристиан Камбон Президент Эммануэль Макроннинг Россияга сафари Украина атрофидаги инқирозни ҳал қилишга хизмат қилишига умид билдирмоқда.  

"Бу миссия аниқ натижалар бериши керак. Айни дамда биз ҳарбий тайёргарлик давом этаётганини кўряпмиз ва вазият хавфлилигича қолмоқда”, дейди Камбон Парламентнинг " Public Sénat" телеканали эфирида.

Камбон “Президент Макрон ўз муддатининг бошиданоқ Россия билан мулоқотни давом эттириш тарафдори бўлганини” эслатди. 

"Биз Сенатда ҳам доим Россия билан мулоқотни давом эттириш зарурлигига амин бўлганмиз. Мулоқотга ёрдам берадиган барча нарса, бизнинг нуқтаи назаримиздан ижобийдир", дейди француз сенатори. 

Унинг қайд этишича, 8 февраль куни Франция президенти дипломатик миссияси доирасида Киевга ташриф буюришни режалаштирмоқда. 

“Украина ҳам келишувга эришиш учун ўз тарафидан чоралар кўриши керак”, дейди Камбон. 

Кремль эса Россия ва Франция Президентлари ўртасида ўтадиган музокараларидан сўнг, Украина атрофидаги вазиятда бурилиш нуқтаси бўлишини кутмаяпти. Бу ҳақда журналистларга Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

“Албатта, вазият жуда мураккаб, бир учрашув давомида ҳал қилувчи ўзгаришларни кутиш мумкин эмас”, дейди Кремль матбуот котиби. 

Шу боис у Кремл Путин ва Макрон ўртасидаги музокаралар бурилиш нуқтаси бўлишини ва Ғарбнинг Украинадаги вазият ҳақидаги хавотирларини йўқ қилишини тан оладими,  деган саволга жавоб берди.

“Биз биламиз ва Макроннинг ўзи бу ҳақда Путинга маълум қилганидек, у Европадаги кескинликни бартараф этишнинг мумкин бўлган вариантларини топиш учун маълум ғоялар билан келяпти ва бу ғояларни Путин билан баҳам кўриш ниятида. Келинг, бугунги учрашув натижаларини кутамиз ва Президентлар матбуот анжумани давомида уларга қандай баҳо беришларини тинглаймиз", дея тахминларга берилмасликни таклиф қилган Песков. 

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби “Франция Европа Иттифоқининг етакчи давлатларидан бири” экани ва “Эммануэль Макрон ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган мамлакатни бошқараётгани”га эътибор қаратиб, “бу жуда муҳим” эканини эътироф этди. 

"Бу жуда муҳим ташриф. Шубҳасиз, Европада Украина атрофидаги вазият билан боғлиқ кескинлик мавзуси, Россия Федерацияси учун хавфсизлик кафолатлари мавзуси – ана шу асосий муаммолар билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса устунлик қилади", дейди матбуот котиби. 

Унинг эслашича, раҳбарларнинг шахсий мулоқоти олдидан учта телефон суҳбати бўлиб ўтган.  

"Шунинг учун биз вақт ва мазмун жиҳатидан жуда мазмунли ва узоқ давом этадиган муҳокамани кутмоқдамиз", дея башорат қилмоқда Песков. 

Унга кўра, “Шимолий оқим 2” мавзуси ва газ масалалари Россия ва Франция президентлари ўртасидаги музокараларда марказий ўрин тута олмайди, бироқ уларни эслатиб ўтиш мумкин.

"Шимолий оқим 2” га келсак, бу муҳокама учун марказий мавзу бўла олмайди, лекин агар у қандайдир тарзда тилга олинса, ҳа. Лекин бу марказий мавзуга айланиши даргумон", дейди у. 

Песковнинг аниқлик киритишича, Путин ва Макрон ўртасидаги учрашув Москва вақти билан тахминан 17:00 га режалаштирилган, суҳбатдан кейинги матбуот анжумани Москва вақти билан соат 19:00 дан кейин, “Президентлар суҳбатини тугатганидан сўнг” ўтказилиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Россия агрессиясига қарши олдиндан кўрилган чора сифатида АҚШ Польшага расман ўз қўшинларини киритди.

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган. 

Бошқа томондан Россия, Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг