Макрон Стармерга Фаластинни тан олиш борасида босим ўтказмоқда – ОАВ
Олам
−
05 Июль 2636 3 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Буюк Британия Бош вазири Кир Стармерни Фаластинни давлат сифатида тезда тан олишга мажбурламоқчи. Бу ҳақда Британия ҳукуматидаги манбага таяниб, “The Daily Telegraph” газетаси хабар берди.
“Французлар бизни Фаластинни тан олиш масаласига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бундай қадам ташлаш мумкин, қачонки бу орқали нимагадир эришаман деб ўйлаганингизда, лекин шунчаки “биз буни қилдик” дейиш учун эмас”, дейди нашр манбаси.
Қайд этилишича, Франция етакчисининг 8-10 июль кунлари Буюк Британияга уч кунлик ташрифи доирасида Макрон ва Стармер ўртасидаги учрашувда Фаластин масаласи муҳокама қилинади. Газета таъкидлаганидек, томонлар ўртасида Фаластинни тан олиш муддати борасида келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Нашрнинг ёзишича, Макрон Фаластин давлатчилигининг имкон қадар тезроқ тан олиниши тарафдори.
“Биз [Фаластин-Исроил можаросини] икки давлатнинг ёнма-ён яшаши тамойилига асосланган, ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар учун хавфсизлик ва барқарорликни кафолатлайдиган ечим тарафдоримиз. Бизнинг узоқ йиллик позициямиз шундан иборатки, биз Фаластин давлатини тинчлик жараёни учун энг қулай вақтда тан оламиз”, дейилади Британия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот нашрларини шарҳида.
“The Daily Telegraph” нашрининг ёзишича, Лондон Фаластиннинг тан олиниши шунчаки рамзий қадам бўлишини истайди. Шу муносабат билан, Британия томонига кўра, бу масалани ҲАМАС ҳаракатининг ўзаро ён бериши билан боғлаш керак. Хусусан, қироллик ҳукумати ҲАМАСдан қуролларини ташлашни ва Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларидан кейин Фаластинни тиклаш вақтида унга раҳбарлик қилмасликка рози бўлишни талаб қилиши мумкин.
Газетанинг таъкидлашича, Макрон ташрифининг асосий натижаси Буюк Британия ва Франция ўртасида мигрантларни “бирга-бир” тамойили асосида чиқариб юбориш бўйича келишув эълон қилиниши бўлади. Тахминларга кўра, қироллик инглиз каналини қайиқларда кесиб ўтган ноқонуний муҳожирларни Франция ҳудудига қайтаради ва бунинг эвазига Франциядан бошпана изловчиларни олиб кетади.
Бундан ташқари, томонлар атом энергетикаси соҳасида қўшма лойиҳалар бўйича келишувни эълон қилишлари мумкин. Нашрнинг қўшимча қилишича, Макрон ва Стармер, шунингдек, можаро тугаганидан сўнг Украинага “кўнгиллилар коалицияси” қўшинларини юбориш масаласини муҳокама қилишда давом этади.
Давлат ташрифи давомида Франция Президентини Виндзор қасрида Буюк Британия қироли Чарльз III ва унинг рафиқаси Камилла қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Макрон Саудия Арабистони билан бирга 17-20 июнь кунлари БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Исроил-Фаластин можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни илгари суриш мақсадида юқори даражадаги конференция ташкил қилиши керак эди. Бироқ 13 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида қуролли тўқнашув бошланиши фонида Франция Президенти конференция “логистика ва хавфсизлик” туфайли қолдирилганини маълум қилди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь