Макрон Парижда полициячининг ўлдирилишини “исломий терроризм” деб атади

Олам 8018
image
-

Франция президенти Эммануэль Макрон Парижнинг Рамбуйе ҳудудида полициячининг ўлдирилишини “исломий терроризм”нинг намойиши сифатида баҳолади. 

“Стефани Рамбуйе Комиссарлигида ишлаган. Бутун халқ унинг тарафида, полиция тарафида. Биз исломий терроризмга қарши курашда ҳеч қачон таслим бўлмаймиз”, деб ёзган Макрон ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Маълум қилинишича, воқеа жойига келган ҳукумат раҳбари Жан Кастекс ҳодисани “ваҳшийлик ва қўрқоқлик ҳужуми” деб таърифлаб, буни теракт эканини айтди.

Қотиллик бўйича тергов Миллий аксилтеррор прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, иш Ивелин департаментининг тергов органлари томонидан ўтказилган.

Ўз навбатида, Иле-де-Франция минтақаси раҳбари Валерий Пессресса содир бўлган воқеаларнинг бир нечта версиялари, жумладан, теракт версияси ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.

Ҳуқуқбузарнинг исми ҳали эълон қилинмаган. Полициядаги манба унинг Тунис фуқароси эканини айтмоқда. У Францияга 2009 йилда келган.

Бу воқеа Францияда Ислом динига боғланган биринчи можаро эмас. Ўтган 2020 йилнинг октябрь ойида Париж яқинидаги Конфланс-Сен-Онорин шаҳрида Францияда қочқин мақомига эга бўлган 18 ёшли чеченистонлик ҳужум уюштирди. У сўз эркинлиги дарсида шогирдларига Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг карикатураларини намойиш этган маҳаллий коллеж ўқитувчисининг бошини кесиб ташлаганди. Ҳужумчи полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Макрон бу қотилликни ҳам “одатдаги исломий террористик ҳужум” деб атаганди.

Франция президентининг баёноти мусулмон минтақаларида танқидий қабул қилинди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Макронга “бошини текшириб кўришни” маслаҳат берганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 319
Рейтинг: 2.9
t
×