Макрон намойишларни тўхтатишнинг “оламшумул” йўлини айтди
Олам
−
04 Июль 2023
16385Франция Президенти Эммануэль Макрон бутун мамлакат бўйлаб авж олган намойишларда қатнашаётган ёшларнинг оилаларига молиявий жазо қўллаш ниятида. Бу ҳақда у Париждаги ресторанлардан бирида полиция ходимлари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Уларнинг ҳамёнларига тегиш керак, улар фақат шундагина тушунади. Яратилаётган тартибсизликка жавобан молиявий санкциялар жорий этиш зарур”, деган Макрон.
Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Макронга тартибсизлик ҳолатларининг бирортаси ҳам бахтсиз ҳодисаларсиз ўтмаётганини айтган.
“Улар тартибсизликлар келтириб чиқариш учун бор кучини сарфламоқда”, деган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари.
Макрон эса полиция кучларини қўллаб-қувватлашини билдирган ҳамда Франциядаги тартибсизликлар ўз чўққисидан ҳам ўтиб кетганини ва эндиги устувор вазифа барқарор тартиб ўрнатиш эканини айтган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Франциядаги намойишлар чоғида шу кунгача 3486 киши ҳибсга олинган. Кеча, 3 июль куни яна 72 намойишчи қўлга олинган.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ у полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагидан ўқ еб, вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланди. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этди. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, у Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
Бундан ташқари, Франция Президенти тартибсизликларга компьютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди. Франциядаги тартибсизликлар ортидан Бельгия ва Щвейцарияда ҳам намойишлар бўлди.