Макрон истеъфога чиқишдан бош тортди
Олам
−
13 Октябрь 5141
Франция Президенти Эммануэль Макрон истеъфога чиқиш нияти йўқлигини ва мамлакатда барқарорликни сақлаш учун ишлашда давом этишини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 13 октябрь куни Мисрда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
Бу баёнот бир ойдан камроқ вақт давомида ўз лавозимида бўлган Бош вазир Себастьен Лекорню истеъфога чиққанидан сўнг янгради. Ушбу воқеа Францияда Президентнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги тахминларни кучайтирди. Танқид нафақат мухолифатдан, балки Макроннинг собиқ иттифоқчиларидан, жумладан, собиқ бош вазир Эдуард Филиппдан ҳам келган.
“Ҳеч қачон унутмангки, француз халқи бизга берган мандат: хизмат қилиш, хизмат қилиш, хизмат қилиш, француз халқининг саволларига жавоб бериш ва Франция мустақиллиги учун қўлдан келган барча ишни қилишдир”, дейди Макрон.
Шу билан бирга, у барқарорликни “таъминлаш” учун ўз лавозимида қолишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, сўровларга кўра, кўпчилик францияликлар ҳам Президентнинг ўз лавозимини муддатидан олдин тарк этишини истайди. Аллақачон Францияда буни талаб қилган намойишлар бўлиб ўтган. Босимларга қарамай, Макрон ўз вазифаларини бажаришда давом этиш ва ўз мандатини охиригача кўриш ниятини таъкидлаган. Унинг муддати 2027 йилда тугайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макрон жорий йилнинг 6 октябрь куни истеъфо берган Бош вазир Себастьен Лекорнюни 10 октябрь куни лавозимига қайта тайинлаганди.
Моҳичеҳра Қадамова