Махачқалъадаги портлашда айбланаётган шахс қамоққа олинди
Олам
−
17 Август 2023
7546Жорий йилнинг 14 август куни Доғистон пойтахти Махачқалъа чеккасидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида юз берган портлаш юзасидан очилган жиноят иши судда кўриб чиқилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 17 август куни Москванинг Басманний туман судида Махачқалъадаги портлашда 35 нафар одам ҳалок бўлиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган. Унга кўра, мазкур фавқулодда вазиятнинг юзага келишига ёқилғи қуйиш шохобчасига туташ бинода ёнғинга хавфли хусусиятларга эга бўлган агрокимёвий моддаларни сақлаш қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.
Судда фуқаро Э.Н. эҳтиётсизликка йўл қўйгани ортидан 35 кишининг умрига зомин бўлган портлашда айбланиб, икки ойга тергов изоляторига жўнатилган. Суд мажлиси айбланувчи ва унинг яқинлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.
“Айбланувчига нисбатан 14 октябргача қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси белгилансин”, дея қарорни ўқиб эшиттирган судья Наталя Дудар.
Манбага кўра, Махачқалъада яшовчи Э.Н. ёнғинга хавфли моддаларни қонунга зид равишда сақлаган, деб тахмин қилинмоқда. У хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки сақлаш, эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келиш моддаси бўйича айбланган. Бу орқали у 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 15 август республикада мотам куни деб эълон қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса Россия етакчиси Владимир Путинга ҳамдардлик телеграммасини йўллаганди.