Магистратурада ўқиётган хотин-қизларларнинг контракти қай тартибда тўлаб берилиши очиқланди
Жамият
−
15 Август 2022
7488Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар ҳар ўқув йилининг 15 сентябригача ўзи ўқиётган олий таълим муассасаси ректори номига ариза берса, уларнинг контракт пули давлат бюджетидан қоплаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларни тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, давлат ОТМларининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган ва ўқиётган хотин-қизларга базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) суммалари тўлиқ тўлаб берилади. Бунинг учун талабгорлар ўзлари таълим оладиган ОТМ ректори (филиал директори) номига 15 сентябрга қадар ариза билан мурожаат қилиши керак.
Шу асосда ректорлар (филиал директорлари) ҳар йили 15 октябргача тегишли буйруқни қабул қилади. 15 сентябрдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди ва тўлов-контракт суммалари қоплаб берилмайди.
Бу тартиб давлат олийгоҳлари билан бирга, қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади:
• Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси;
• Бош прокуратура Академияси;
• Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;
• Банк-молия академияси.
Шунингдек, бу тартиб нодавлат ОТМлар ва хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиалларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларга нисбатан тадбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларида магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади ва бунга ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилади.
LiveБарчаси